Бокс/ММА

2017 йилги натижа такрорланди. Баҳодир Жалолов тўртинчи бўлиб финалга йўлланма олди

Ҳаваскор боксчилар ўртасида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатини Ўзбекистон терма жамоасининг энг оғир вазнли вакили Баҳодир Жалолов ярим финал босқичида ғалаба қозонди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

+91 кг вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Баҳодир бу босқичда мезбон россиялик Максим Бабанинга қарши баҳс олиб борди. Жангнинг биринчи раундидаёқ Баҳодир томонидан берилган кучли зарба натижасида рақиб нокдаун ҳолатига тушди. Аммо рақиб жанг сўнгига қадар туриб бера олди. Ҳакамларнинг бир овоздан (тўрт ҳакам 30:27, бир ҳакам 30:26) берган натижасига кўра ғалаба Жалоловга насиб этди ва таблода 5:0 ҳисоби қайд этилди. Бу орқали Ўзбекистон терма жамоасининг тўрт вакили жаҳон чемпионати финалига йўлланма олди.

Маълумот учун, 2017 йили бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг 4 вакили финалга йўлланма олганди. Аммо ўшанда фақатгина Шаҳрам Ғиёсов олтин медалга эга чиққан.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзаҳалилов ва Дилшод Рўзметов финал йўлланмасини қўлга киритганди. Бобо Усмон Батуров эса бронза медали билан кифояланадиган бўлди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид