Бокс/ММА

Ўзбекистонлик 5 боксчи финалга чиқди. 4 нафари бронза медалига эга бўлди

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ҳаваскор бокс бўйича Осиё чемпионати ярим финал учрашувлари бўлиб ўтди. Унда жами бўлиб 9 нафар ўзбекистонлик боксчилар рингга чиқишди.

-49 кг вазнда Нодиржон Мирзаҳмедов қирғизистонлик Мирлан Туркбаи Уулуни мағлубиятга учратган бўлса, -56 кг вазнда Миразизбек Мирзаҳалилов филиппинлик Педрес Баутистадан устун келди. -91 кг вазнда Санжар Турсунов иорданиялик Ҳуссайн Иашаишга имконият қолдирмади.

Кечки дастурда аввалига -69 кг вазнда Бобо Усмон Батуров ҳиндистонлик Ашишни, +91 кг вазнда Баҳодир Жалолов суриялик Муҳаммад Мулайесни таслим этди. Натижада беш нафар ўзбекистонлик боксчи финалда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

-60 кг вазнда Шукуржон Раҳимов эса вазн тоифаси етакчиси, мўғилистонлик Тсендбаатар Ерденебатга имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медаллари билан кифояланди.

Аёллар ўртасидаги мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун ярим финалда ниҳоясига етди. 57 кг вазнда Ёдгорой Мирзаева тайпейлик Ю Тинг Линга имкониятни бой берган бўлса, -64 кг вазнда Мафтуна Мелиева ҳиндистонлик Каур Баатга ютқазиб қўйди. -69 кг вазнда Шаҳноза Юнусова эса хитойлик Ҳонг Гу қаршилигини сингдира олмади ва учала қиз Осиё чемпионатининг бронза медалларига эга чиқди.

Жами бўлиб Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 4та бронза медалини қўлга киритди. Беш нафар боксчи энди олтин медаллар учун жанг қилади. Финал жанглари эртага бўлиб ўтади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид