Бокс/ММА

Исроил Мадримов чемпионлик камарини ҳимоя қиладиган жанг муддати аниқ бўлди

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Исроил Мадримов (1-0, 1 Ко) профессионал боксдаги иккинчи жангини ўтказади.

GoSport.uz интернет-нашри манбалари берган маълумотларга кўра, Мадримов 9 март куни рингга кўтарилади. Жанг Нью-Йоркдаги Верона шаҳарчасида жойлашган “Turning Stone Resort & Casino” аренасида бўлиб ўтади. Бу жангда чемпионлик камарини ҳимоя қилади. Ҳозирча Исроилга ким рақиблик қилиши маълум эмас. Тез орада спортчи бу борада ҳам маълумот беришини билдириб ўтди.

9 март куни бўлиб ўтадиган бокс оқшомининг асосий жангида россиялик ярим оғир (-79,38 кг) вазн тоифасининг WBA йўналиши чемпиони Дмитрий Бивол (15-0, 11КО) америкалик Жо Смит Жуниорга (24-2, 20КО) қарши чемпионлик камарини ҳимоя қилади. Шунингдек мазкур бокс кечасида супер енгил вазн тоифасининг WBO камари соҳиби америкалик Маурис Ҳукер (25-0-3, 17КО) асли тринидадлик бўлган Миккел Леспьерга (20-0-1, 9 КО) қарши камар ҳимояси учун жанг қилади. Шунингдек, ўзбекистонлик бошқа бир боксчи Шаҳрам Ғиёсов (6-0, 5 КО) ҳам рингга чиқади.

Мазкур жанглар АҚШда DAZN интернет платформаси орқали трансляция қилинса, Британияда Sky Sports телеканали орқали намойиш этилади.

Маълумот учун, Исроил Мадримов WBA Intercontinental камари соҳиби саналади. У 2018 йилнинг 24 ноябрь куни дебют жангидаёқ мексикалик Владимир Эрнандесни (10-3, 6 КО) олтин раундда техник нокаут эвазига мағлубиятга учратиб ушбу камар соҳиби бўлганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид