Бокс/ММА

WBA Муроджон Аҳмадалиев ва Даниэл Роман ўртасидаги чемпионлик жанги бўйича муддат белгилади

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси WBA профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасининг мазкур йўналиш бўйича чемпиони Даниэл Романга (27-2-1, 10 KO) чемпионлик камарининг ҳимояси учун мажбурий даъвогар Муроджон Аҳмадалиевга қарши жанг муддати бўйича буюртма берди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, ташкилот мазкур мажбурий камар ҳимояси учун жанг бўйича буйруқ чиқарган ва икки томон промоутерларига хат билан мурожаат қилган. Мурожаатда иккала томон 6 июнга қадар жангнинг ўтказилиш муддати ва жойи бўйича келишувга эришиши лозимлигини эслатиб ўтилган. Агар мазкур муддатда томонлар келиша олмаса, WBA мазкур жангни ташкил қилиш бўйича промоутерлик савдоси эълон қилади. Ютган томон ўзи белгилаган жой ва муддатда ушбу жангни ташкил қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Демак 6 июнгача Муроджон Аҳмадалиев жаҳон чемпионлиги учун жанг муддати аниқ бўлиши лозим. Агар бу муддатда аниқ бўлмаганда тақдирда промоутерлик савдоларидан сўнг барчасига ойдинлик киритилади.

GoSport.uz манбаси хабарига кўра, жанг сентябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Ҳозирча Романнинг промоутерлари Аҳмадалиевнинг мажбурий даъвогар эканини тан олишни истамаётган бўлсада, бу жангни ташкил қилиш мажбурий эканини яхши тушуниб туришибди.

Маълумот учун, WBA қоидаларига кўра, мазкур йўналиш чемпиони ҳар 9 ойда бир рейтингда мажбурий даъвогар номини олган боксчига қарши жанг ўтказиши шарт қилиб қўйилган. Роман сўнгги марта 2018 йилнинг 16 июнь куни Мойзес Флоресга (25-2, 17 КО) қарши мажбурий жангда иштирок этиб, 12 раундлик жангда очколар бўйича ғалаба қозонганди.

Шундан сўнг Гэвин Макдоннелни (20-2-2, 5 КО) мағлуб этган (бу мажбурий даъвогарлик жанги саналмайди) Роман март ойида мажбурий даъвогар Муроджон Аҳмадалиевга қарши жанг ўтказиши лозим эди. Фақатгина боксчининг илтимосига кўра, WBA истисно тариқасида, келгуси 90 кун мобайнида Аҳмадалиевга қарши жанг ўтказиш шарти билан унга рухсат берган ва Роман IBF чемпиони Теренс Доэнига (21-1, 15 КО) қарши камарларни бирлаштирувчи жангда иштирок этиб ғалаба қозонганди.

Эслатиб ўтамиз, Муроджон Аҳмадалиев сўнгги марта 26 апрель куни Карлос Карлсонни (23-6, 14 КО) 3 раундда нокаутга учратиб ғалаба қозонганди. Муроджон жаҳон чемпионлиги учун мажбурий даъвогар бўлгани сабабли ўзининг WBA Intercontinental чемпионлик камари ҳимоясидан воз кечган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид