Бокс/ММА

Алиёр Норалиевга нима бўлганди? Боксчи билан юз берган даҳшатли воқеа ҳақида

Ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, -64 вазн тоифасида Озарбойжондаги ”Буюк Ипак йўли” халқаро турнирида иштирок этган Алиёр Норалиев жангларнинг бирида жароҳат олиб, ҳушини йўқотгани ва тез тиббий ёрдам ходимлари ёрдамида шифохонага олиб кетгани ҳақида хабар бергандик. Мусобақа якунлангач, Ўзбекистонга қайтган боксчининг ўзи билан мазкур воқеа юзасидан интервью олдик.

”Озарбойжонлик боксчига қарши биринчи жангимнинг биринчи раундидаёқ рақиб билан бошимиз қаттиқ тўқнашиб кетди. Ўша вақтда қисқа танаффусдан сўнг ўзимга келиб, жангни давом эттирдим. Рақиб устидан ғалаба қозониб, аллақачон кейинги жангга ўзимни тайёрлаётгандим. Кийимларимни алмаштириб залга қайтганимда ўзимни бироз ёмонроқ ҳис қилдим ва ташқарига чиқишга қарор қилдим. Аммо ташқарида ҳам бироз ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Кўзим олди қоронғилашиб кета бошлади. Йиқилишимни ҳис қилиб шифокорлар ёнига қараб юра бошладим. Лекин улгурмадим… Қолганини эслолмайман.

Кўзимни очсам Бокудаги шифохонанинг реанимация бўлимида ётибман. Нима бўлганини аввалига тушунмадим. Кейин сўрасам, ҳушимни йўқотганим, тилим орқага кетиб қолганини айтишди. У ерда ҳам шифокорлар текширишди. МРТ қилишди. Илгари ҳам кичик жароҳатлар олганим бу сафарги жиддий жароҳатга таъсир қилганини айтишди.

Тошкентга келиб олдик. Энди режа бўйича бу ерда ҳам МРТ қиладиган бўлдик. Рентген ҳам қилдириб кейин шифокорлар билан маслаҳатлашиб, яна ишлашда давом этамиз, ҳозирча эса тахминан икки ой давомида бокс билан шуғулланмаслигим кераклигини айтишди”, дея гапириб ўтди Норалиев GoSport мухбири билан телефон орқали суҳбатда.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид