Бокс/ММА

Бектемир Мелиқўзиев Олимпиаданинг биринчи саралашида иштирок этмайди, унинг профессионал боксдаги жанги муддати маълум

Профессионал бокснинг супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифаси вакили Бектемир Мелиқўзиев (4-0, 3 КО) февраль ойида ўзининг чемпионлик камарини ҳимоя қилади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Мелиқўзиев 14 февраль куни WBA Continental Americas чемпионлик камарининг ҳимояси учун илк марта рингга кўтарилади. Жанг Калифорния штати Анаҳайм шаҳридаги Honda Center спорт аренасида бўлиб ўтади. Ҳозирча, унга ким рақиблик қилиши аниқ эмас. Айни вақтда бир неча боксчилар билан музокаралар олиб борилмоқда, номзодлар ичида франциялик Ҳассан НʼДам НʼЖикам (37-5, 21 КО) номзоди ҳам бор.

Бектемир Мелиқўзиев 7 январь куни эрта тонгда АҚШга йўл олади ва ўша ерда машғулотларни давом эттиради.

Олдинроқ, Бектемир Мелиқўзиевнинг Токио олимпиадасида иштирок этиш режаси борлиги хабар қилинганди. Маълум бўлишича, бу режа ўзгармаган. Фақат Бектемир февраль ойида Хитойда бўлиб ўтадиган саралаш мусобақасида иштирок этмайди. Ҳозирча унинг дисквалификация муддати якунига етмаган. У 13-24 май кунлари Франциянинг Париж шаҳри мезбонлик қиладиган сўнгги саралаш босқичида иштирок этади. Вуҳанда бўлиб ўтадиган саралашда Ўзбекистон терма жамоаси 7та вазнда иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев сўнгги марта 13 декабрь куни америкалик Вон Александерни (15-4, 9 КО) мағлубиятга учратиб, WBA Continental Americas чемпионлик камарини қўлга киритганди. Бу натижа орқали у WBA рейтинги ТОП-15лигига кирди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид