Бокс/ММА

Чемпион ўз камарини ҳимоя қилади

Профессионал бокснинг енгил (-61,2 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Равшанбек Умурзоқов (8-0, 7 КО) май ойида ўзининг чемпионлик камарини ҳимоя қилади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 18 май куни Умурзоқов WBA Asia чемпионлик камари ҳимояси учун Жанубий Африка Республикаси боксчиси Энтони Молойзанега (11-3-1, 7 КО) қарши рингга чиқади. 10 раундга мўлжалланган мазкур жанг Россиянинг Екатеринбург шаҳрида жойлашган РМК яккакурашлар академияси бокс саройида бўлиб ўтади.

Мазкур бокс оқшомида ўзбекистонлик яна икки боксчи енгил вазн тоифаси вакили Элнур Абдураимов (4-0, 4 КО) ва иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифаси вакили Сардор Музаффаров (4-1, 2 КО) ҳам ўзларининг навбатдаги жангларини ўтказиши кўзда тутилган. Элнурнинг рақиби ҳозирча маълум эмас, Сардорга эса тожикистонлик Асрор Воҳидов (2-0, 1 КО) рақиблик қилади.

Мазкур бокс оқшоми тўлиқлигича Россиянинг БОКС ТВ телеканали орқали трансляция қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Равшанбек Умурзоқов сўнгги марта 13 апрель куни Молдовада WBA Asia чемпионлик камари учун жангда филиппинлик Роберто Гонсалесга (28-5, 17 КО) қарши рингга чиқиб, рақибини иккини раундда нокаутга учратиши эвазига мазкур чемпионлик камарини қўлга киритганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид