Бокс/ММА

Ўзбекистонлик иккинчи боксчи ҳам жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлади

Ҳаваскор боксчилар ўртасида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатини Ўзбекистон терма жамоасининг иккинчи вакили Дилшод Рўзметов ҳам ғалаба билан бошлади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

-81 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Дилшод Рўзметов биринчи босқичда мўғилистонлик Нармандах Шинебаяр рақиблик қилди. Уч раунд натижаларига кўра, ҳакамлар бир овоздан Дилшоднинг ғалабасини қайд этишди ва таблода 5:0 ҳисоби (тўртта ҳакам 30:27, битта ҳакам 30:26) порлади. Рўзметов жангнинг сўнгги сонияларида рақибини нокдаун ҳолатига ҳам туширишга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, кеча Фанат Қаҳрамонов бошқа бир мўғилистонлик рақибини енгиб иккинчи босқичга йўлланма олганди.

Буёғига бошқа спортчилар ҳам ўз иштирокларини навбатма-навбат бошлаб олишади. Қуръа натижаларига кўра, қолган боксчиларнинг рақиблари қуйидагича:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров – Гулижанов (Туркманистон)
-57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов – Де Андраде (Бразилия) / Иванов (Польша)
-63 кг: Элнур Абдураимов – Бин Базиз (Жазоир)
-69 кг: Бобоусмон Батуров – Аррегуи (Аргентина) / Миккалеф (Черногория)
-91 кг: Санжар Турсунов – Хулио Бланко (Колумбия) / Тейшейра Да Сильва (Бразилия)
+91 кг: Баҳодир Жалолов – Рогава (Украина) / Рамазон Пурделавар (Эрон).

Эслатиб ўтамиз, мазкур жангларни Россиянинг «Матч! Боец» телеканали орқали томоша қилиш мумкин. Ўзбекистонда жанглар чорак финалдан бошлаб UzReport телеканали орқали намойиш этилади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид