Бокс/ММА

Жангга бир кун қолганида Ҳасанбой Дўсматовнинг рақиби ўзгарди

Профессионал бокснинг биринчи ўта енгил (-48,99 кг) вазн тоифасида рингга чиқиши кутилаётган Ҳасанбой Дўсматов 16 ноябрь куни профессионал боксдаги дебют жангини ўтказиши ҳақида хабар бергандик.

Унга кўра, Дўсматов шу куни Мексиканинг Гуанахуато шаҳрида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида мексикалик Давид Мартинез (8-3, 1 КО) рақиблик қилиши лозим эди. Аммо жанг арафасида унинг рақиби ўзгарди. Эндиликда Дўсматов шу бокс оқшомида бошқа бир мексикалик боксчи Хесус Сервантес Вильянуэвага (9-7, 5 KO) қарши рингга кўтарилади.

Боксчилар жанг олдидан тарозидан ўтишди. Унга кўра, Ҳасанбой Дўсматов дебют жанги олдидан 48,6 кг тош босди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дўсматов 10 ноябрь куни Хитойнинг Фужоу шаҳрида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида ўзининг дебют жангини ўтказиши, унга хитойлик Де Бин Жу (3-1-1, 2 КО) рақиб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди.

Ундан олдинроқ эса Ҳасанбой Дўсматов 30 ноябрь куни Монакодаги бокс оқшомида дебют қилиши хабар қилинганди. Бошқа манбаларга кўра эса у биринчи жангидаёқ жаҳон чемпионлик камарига тушиши мумкинлиги айтилганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид