Бокс/ММА

Ҳасанбой Дўсматовнинг дебют жанг санаси маълум, у Шаҳрам Ғиёсов билан битта бокс оқшомида жанг қилади

Профессионал бокснинг биринчи ўта енгил (-48,99 кг) вазн тоифасида фаолиятини бошлаётган Ҳасанбой Дўсматов ноябрь ойининг сўнгги кунида профессионал боксдаги дебют жангини ўтказади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Дўсматов 30 ноябрь куни Монако пойтахти Монте-Карло шаҳрида жойлашган казино марказида бўлиб ўтадиган бокс кечасида рингга кўтарилади. Эътиборли томони шу куни Дўсматов билан бирга супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) ҳам рингга кўтарилади.

Ҳозирча иккала боксчининг ҳам рақиби ким бўлиши маълум эмас. Олдинроқ, Дўсматов биринчи жангидаёқ жаҳон чемпионлик камари учун рингга чиқиши мумкинлиги хабар берилганди.

Мазкур бокс оқшомининг марказий жангида россиялик Александр Беспутин (13-0, 9 КО) ҳамюрти Ражаб Бутаевга (12-0, 9 КО) қарши ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасининг WBA жаҳон чемпионлик камари учун рингга кўтарилади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид