Бокс/ММА

Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксдаги дебют жангидаёқ жаҳон рекордини ўрнатиши мумкин

Профессионал боксда фаолиятини бошлаётган Ҳасанбой Дўсматов тез орада ўзининг дебют жангини ўтказади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Дўсматовнинг промоутерлари айни вақтда унинг дебют жангидаёқ чемпионлик камари учун рингга чиқиши устида бош қотирмоқда. Бу борада нуфузли бокс ташкилотлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирча Дўсматовнинг айнан қайси чемпионлик камари учун рингга чиқиши мумкинлиги номаълум бўлиб турибди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу жанг биринчи ўта енгил (-48,99 кг, 108 фут) вазн тоифасининг WBA Regular (оддий жаҳон чемпионлиги) камари учун ташкиллаштирилиши мумкин. Маълумот учун бу вазнда венесуэлалик Карлос Канисалес (22-0-1, 17 КО) мазкур чемпионлик камари соҳиби саналади. У ўтган йили профессионал боксда атиги битта жанг ўтказган хитойлик Бин Луга (1-1, 1 КО) қарши чемпионлик камари ҳимоясида иштирок этган. Промоутерлар Ҳасанбой Дўсматовнинг олимпиада чемпионлиги сабаб биринчи жангдаёқ бундай нуфузли жангда иштирок эта олишига ишонмоқда ва бу борада тегишли ташкилотлар билан музокаралар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача бирор-бир боксчи биринчи жангидаёқ жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритмаган. Агар Ҳасанбой чемпионлик учун жангда иштирок этса ва ғалаба қозонса, бу борада тарихий рекордни қайд этган бўларди. Ҳозирча эса барчаси фақатгина музокара жараёнида эканини эслатиб ўтамиз.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид