Бокс/ММА

Ҳаммаси кутилганидек. Ўзбек боксчиси учун америкалик «қурбон қилинмади»

Халқаро бокс федерацияси (IBF) профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси мазкур йўналиши пешқадами Қудратилло Абдуқаҳҳоровга (17-0, 9 КО) вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари учун жанг ўтказиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда расмий манбаларга таяниб GoSport.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ташкилот амалдаги чемпион Эррол Спенсга (26-0, 21 КО) истисно тариқасида тегмасликка қарор қилган ва Абдуқаҳҳоровга рейтингда учинчи ўринда бораётган Сергей Липинецга (16-1, 12KO) қарши жанг ўтказиш бўйича таклиф берган. Мазкур жанг IBF вақтинчалик чемпионлик камари учун кечади. Шу масалада ташкилот иккала томонга ҳам хат ёзган ва уларга 5 кун вақт берган. Томонлар келишувга эришса, 1 ой муддатда мазкур жангнинг ташкилий масалалари бўйича музокаралар ўтказилади ва жанг муддати белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилда GoSport ўз манбаларига таянган ҳолда мазкур жанг 22 февраль куни АҚШда бўлиб ўтадиган бокс оқшомининг марказий жангида ўта оғир вазн юлдузлари Деонтей Уайлдер (41-0-1, 40 КО) ва Тайсон Фьюри (29-0-1, 20) ўртасидаги матч-реваншнинг андеркардида бўлиб ўтишини хабар берганди. Маълум бўлишича, бу жанг оқшоми бўйича заявкалар тўлган ва катта эҳтимол билан Абдуқаҳҳоров-Липинец жанги бошқа муддатда ва бошқа бокс оқшомида ўтказилади. Ҳозирча жанг март ойида ўтказилиши режага киритилган.

Маълумот учун, аслида ташкилот Эррол Спенсга 28 декабрдан сўнг санкция эълон қилиши ва жанг ўтказа олмаган тақдирда камарини вакант қолдиришга мажбурлаши (ўрта вазнда Сауль Алваресдан худди шундай ҳолатда камар тортиб олинган ва Головкин Деревянченкога қарши вакант камар учун жанг қилганди) лозим эди. Аммо ташкилот навбатдаги марта нисбатан машҳурроқ томоннинг манфаатлари учун хизмат қилди ва ўз қоидасига хилоф равишда Спенсга имконият тақдим этди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид