Бокс/ММА

Исроил Мадримов кескин қарорга келди. Энди у ҳаваскор боксда бошқа жанг қилмайди

Профессионал бокс бўйича супер ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов ҳаваскор боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизликдан сўнг кутилмаган баёнот билан чиқди. Бу ҳақда у GoSport.uz интернет-нашрига маълум қилди.

“Шу билан бўлди азизлар, мен бошқа ҳаваскор боксда рингга туша олмайман! Ким шу пайтгача мени, яъни бизни қўллаб-қувватлаб келаётганлар учун чин юракдан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ҳаваскор боксда шунақа нарсалар хам бўлиб туради, мен бугунги жангни ютдим, буни ҳамма билади мени ютганимни кўришди, афсуски бу ҳолат мени ҳаваскорлик каръерамга нуқта қўйди. Ҳаёт давом этади, яна олдинга интилишда давом этамиз, мен ғурур билан ўз жонажон, жаннатмакон Ўзбекистонимни халқаро майдонда ҳимоя қиламан, фақат профессионал рингда.

Мен ишонч билан айтаман профессионал рингда менга тегишли нарсани ҳеч кимга бермайман. Мен профессионалман, интерконтиненталь йўналишда чемпионман, тез кунларда ҳамма камарни ютиб оламан, Иншааллоҳ! Битта йулни танлаш менга ҳам шу мақсадимга етишга ёрдам беради! Сизларни яхши кўраман!”, дея гапириб ўтди Мадримов.

«Жаҳон чемпионатида Трой Ислига (америкалик боксчига қарши 2017 йилги Ҳамбургдаги жаҳон чемпионатидаги жанг назарда тутиляпти — GoSport.uz изоҳи) қарши жангдан кейин ҳам ўзи ҳаваскор боксдан бутунлай кетиш ҳақида гапиргандим. Лекин мана шу олимпиада чемпиони бўлиш орзуси сабаб қайтгандим. Лекин бугунги жангдан кейин бошқа чидай олмайман. Умид қиламанки, бугунги ҳакамларнинг қарори мени профессионал боксда янада кучлироқ бўлишимга туртки беради. Буни исботлайман», дея гапириб ўтди Исроил GoSport мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг чорак финал учрашувида Мадримов қозоғистонлик Турсинбай Қулаҳметга қарши жангда ҳакамларнинг турлича қарорлари эвазига мағлубиятга учраганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид