Бокс/ММА

Исроил Мадримовнинг навбатдаги жанги муддати аниқ. У Геннадий Головкин билан бир оқшомда рингга чиқади

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (2-0, 2 КО) июнь ойида ўзининг учинчи жангини ўтказади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Мадримов 8 июнь куни Нью-Йоркдаги машҳур Madison Square Garden аренасида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида рингга кўтарилади. Ҳозирча унга ким рақиблик қилиши номаълум. Исроил шу куни ўзининг WBA Intercontinental чемпионлик камарини ҳимоя қилади.

Мазкур бокс оқшомининг марказий жангида қозоғистонлик афсонавий боксчи, 4та йўналиш бўйича собиқ жаҳон чемпиони Геннадий Головкин (38-1-1, 34 КО) рингга чиқади. Головкин шу куни канадалик Стив Роллсга (19-0, 10 КО) қарши рингга чиқади. Жанг DAZN интернет-платформаси орқали трансляция қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов профессионал боксда сўнгги марта 9 март куни венесуэлалик Франк Рохасга қарши рингга чиқиб, рақибини чуқур нокаутга учратган ва WBA Intercontinental чемпионлик камарини ҳимоя қилганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид