Бокс/ММА

Исроил Мадримовнинг навбатдаги жанги муддати маълум бўлди. У яна Геннадий Головкин билан бирга рингга чиқади

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (3-0, 3 КО) октябрь ойида ўзининг тўртинчи жангини ўтказади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри ишончли манбалари маълум қилди.

Унга кўра, Мадримов 5 октябрь куни Нью-Йоркдаги машҳур Madison Square Garden аренасида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида рингга кўтарилади. Ҳозирча унга ким рақиблик қилиши номаълум. Исроил шу куни ўзининг WBA Intercontinental чемпионлик камарини ҳимоя қилади.

Мазкур бокс оқшомининг марказий жангида қозоғистонлик афсонавий боксчи, 4та йўналиш бўйича собиқ жаҳон чемпиони Геннадий Головкин (39-1-1, 34 КО) рингга чиқади. Головкин шу куни украиналик Сергей Деревянченкога (13-1, 10 КО) қарши вакант қолдирилган ўрта вазн (-72,58 кг) IBF чемпионлик камари учун рингга чиқади. Жанг DAZN интернет-платформаси орқали трансляция қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов профессионал боксда сўнгги марта 8 июнь куни айнан Головкин билан битта бокс оқшомида иштирок этиб, мексикалик Норберто Гонсалесга (24-13, 13 КО) қарши рингга чиққан ва рақибини техник нокаут эвазига мағлуб этганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид