Бокс/ММА

Исроил Мадримовнинг бўлажак жангдаги рақиби аниқ бўлди

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (2-0, 2 КО) июнь ойида ўзининг учинчи жангини ўтказиши ҳақида хабар бергандик.

GoSport.uz интернет-нашри манбалари берган хабарга кўра, Мадримов 8 июнь куни мексикалик Норберто Гонсалесга (23-12, 13 КО) қарши рингга чиқади. Тўқнашув Нью-Йоркдаги машҳур Madison Square Garden аренасида бўлиб ўтади.

Маълумот учун, 37 ёшли Норберто Гонсалес шу пайтгача ўтказган 35та жангининг 4тасида турли минтақавий йўналишлар чемпионлик камари учун рингга кўтарилган, бироқ уларда имкониятни бой бериб қўйган.

Мазкур бокс оқшомининг марказий жангида қозоғистонлик афсонавий боксчи, 4та йўналиш бўйича собиқ жаҳон чемпиони Геннадий Головкин (38-1-1, 34 КО) рингга чиқади. Головкин шу куни канадалик Стив Роллсга (19-0, 10 КО) қарши рингга чиқади. Жанг DAZN интернет-платформаси орқали трансляция қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов профессионал боксда сўнгги марта 9 март куни венесуэлалик Франк Рохасга қарши рингга чиқиб, рақибини чуқур нокаутга учратган ва WBA Intercontinental чемпионлик камарини ҳимоя қилганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид