Бокс/ММА

Ўзбек боксчиларини танимайдиган Липинец. Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг жаҳон чемпионлик камари учун рақиби жанг олдидан нималар деди?

Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Сергей Липинец (16-1, 12 КО) тез орада ўзбекистонлик Қудратилло Абдуқаҳҳоровга (17-0, 9 КО) қарши IBF вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари учун рингга чиқади. Жанг олдидан унинг фикрлари ўзбекистонлик бокс мухлисларига қизиқ бўлишини ҳисобга олиб, блогер Ориф Аҳмедов GoSport.uz учун Липинец билан кичик интервью ўтказди. Суҳбат Instagram тармоғи орқали амалга оширилди.

— Сергей, авваламбор ўзбек бокс мухлислари учун интервью беришга рози бўлганингиз учун раҳмат. Бўлажак жангга қай тарзда тайёргарлик кўряпсизми? Қайси мураббий билан ишлаяпсиз?

— Тайёргарлик ажойиб кечмоқда. Ҳозир АҚШда Лос-Анжелесда машғулотлар олиб бормоқдаман. Жон Гузонинг “Ten Goose” деб номланган залида ишлаяпмиз.

— Биз Қудратиллони кучли боксчи сифатида биламиз. Сизчи, сиз у ҳақида олдин эшитганмидингиз, ёки жангга буюртма берилганидан кейин бу номдан хабар топдингизми? Абдуқаҳҳоров иштирокидаги жангларни кўрган бўлсангиз, унга қандай баҳо берган бўлардингиз?

— У ҳақда илгари ҳам эшитганман, лекин жангдан сўнг уни диққат билан кузатишни бошладик. У жуда яхши боксчи. Оёқда тез ҳаракатлана олади. Яхши, қақшатқич зарбаси бор ва рингда ақлли. Ортида ҳаваскор боксда тўпланган улкан тажриба бор, қўшимчасига энди профессионал боксда ҳам етарлича тажриба тўплай олди. Жангчилик руҳи, ғалаба йўлидаги иродаси ва яхши зарба. Асосий учта жиҳати шу. Бўлажак жанг иккаламиз учун ҳам осон кечмаслиги аниқ.

— Бошқа ўзбекистонлик боксчилар ҳақида эшитганмисиз? Агар эшитган бўлсангиз, энг иқтидорлилари кимлар?

— Йўқ, ўзбек боксчилари ҳақида эшитмаганман.

— Биздаги бор маълумотларга кўра, жанг санаси 9 февралга қадар аниқ бўлиши керак эди. Бу борада қандайдир янги маълумот айта оласизми? Жанг қачон бўлиши кутиляпти? Қайси ташкилот (PBC ёки Top Rank) бу жангга бош-қош бўлади?

—Тўғрисини айтсам, менда бу борада ҳам аниқ маълумотлар йўқ.

— Профессионал боксда 17та жанг ўтказишга улгурдингиз. Шу жангларингизнинг қайсидир бирида бўлса ҳам Қудратиллога услуби ўхшаш боксчи сизга рақиблик қилганми?

— Ўйлашимча, йўқ. Бунақа услубдаги жангчига қарши биринчи жангим бўлади.

— 17та жанг ичида сиз учун энг қийин жанг қайси бўлган?

— Майки Гарсия (Липинецнинг ягона мағлуб бўлган жанги — Gosport.uz изоҳи) ва Ламон Питерсонга қарши кечган жангларим энг қийини бўлган.

— Ҳозир жанг олиб бораётган ярим ўрта вазн тоифасида қайси боксчига қарши рингга чиқишни кўпроқ хоҳлаган бўлардингиз?

— Ҳозир олдимда турган бўлажак жангга бор эътиборимни қаратганман. Шу боис бошқа рақиблар ҳақида умуман ўйлаб кўраётганим ҳам йўқ.

— Хўп унда, ёшлигингизда сизга кумирингиз бўлганми? Ҳозир кимнинг жангларини қизиқиб томоша қиласиз?

— Ёшлигимда кумирим Майк Тайсон бўлган. Шунингдек, Мэнни Пакьяо, Рей “Sugar” Леонард, Роберто Дюранларга ҳам мухлислик қилганман. Ҳозирда эса Геннадий Головкин, Василий Ломаченко, Деонтей Уайлдер, Сауль Алварес, Эррол Спенс, Теренс Кроуфорд ва бошқа кўплаб боксчиларнинг жангларини қизиқиш билан кузатиб бораман.

— Абдуқаҳҳоровга қарши жанг олдидан унга қандайдир гап-сўзларингиз (интрига учун) борми? Қудратиллога етказиб қўйиш имконияти бизда бор, у билан алоқамиз яхши. Сўзларингизни дарҳол етказиб қўйишимиз мумкин…

— Яхшилаб тайёргарлик кўрсин (бир неча кулги белгили смайлклар).

— Суҳбат учун раҳмат. Жангда ким ғалаба қозонишидан қатъий назар иккала боксчига ҳам омад тиламиз. Сергей сиз натижага қарамасдан яхши суҳбатдош ва хавфли рақиб бўлиб қолаверасиз.

— Сизга ҳам раҳмат.

Ориф Аҳмедов суҳбатлашди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид