Бокс/ММА

Исроил Мадримовнинг рақиби аниқ бўлди. У жаҳон чемпионлик камарига мажбурий даъвогарлик учун рингга чиқади

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримовнинг (4-0, 4 КО) бешинчи жангдаги рақиби номи маълум бўлди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари маълум қилди.

Олдинроқ, Мадримов 29 февраль куни Техас штати, Фриско шаҳрида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида рингга кўтарилиши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Маълум бўлишича шу куни Исроил Мадримовга венесуэлалик Чарли Наварро (29-9, 22 КО) рақиблик қилади. Жанг 10 раунддан иборат бўлиб, супер ярим ўрта вазн тоифасининг WBA чемпионлик камарига биринчи рақамли даъвогар бўлиш учун (WBA Title Eliminator жанги) кечади. Айни вақтда Исроил рейтингда учинчи ўринда бормоқда.

Лотин Америка минтақавий камари чемпиони сифатида Наварро рейтингда 10-ўринда қайд этилган. Бундан ташқари Наварро бир неча йиллар муқаддам, аниқроғи 2010 ва 2015 йилларда жаҳон чемпионлик камарлари учун рингга чиқиб, иккаласида ҳам мағлубиятга учраган.

Мазкур бокс оқшомининг марказий жангида мексика-америкалик саккиз карра собиқ жаҳон чемпиони Майки Гарсия (39-1-0, 30 КО) ҳамюрти Жесси Варгасга (29-2-2, 11 КО) ярим ўрта вазн (-66,68 кг)тоифасида рингга чиқади. Жанг DAZN интернет-платформаси орқали трансляция қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов профессионал боксда сўнгги марта 5 октябрь куни мексикалик Алехандро Баррерага (29-6, 18 КО) қарши рингга чиққан ва рақибини техник нокаут эвазига мағлуб этганди.

 

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид