Бокс/ММА

Исроил Мадримовнинг нокаути ойнинг энг яхшиси деб топилди

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроила Мадримов (2-0, 2 КО) DAZN интернет-платформаси томонидан март ойидаги “энг яхши нокаут” номинацияси ғолиби деб топилди. Бу ҳақда GoSport.uz манбалари хабар бермоқда.

Мадримов 9 март (Тошкент вақти билан 10 март) куни Нью-Йоркдаги Верона шаҳарчасида бўлиб ўтган жангда венесуэлалик Френк Рохасни (24-3, 23 КО) иккинчи раундда (1:56 дақиқада) чуқур нокаутга учратган, натижада спортчини тез тиббий ёрдам ходимлари замбилда рингдан олиб чиқиб кетишларига тўғри келганди. Мазкур жангда Исроил ўзининг WBA Intercontinental чемпионлик камарини ҳимоя қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Мадримов WBAнинг янгиланган рейтингида 6-ўринга кўтарилиб олганди.

Айни вақтда у Янгиобод базасида ҳаваскор боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этиш учун сўнгги тайёргарлик машғулотларини давом эттиримоқда. Осиё чемпионати Таиландда бўлиб ўтади ва унда Исроил -75 кг вазн тоифасида иштирок этади. Мазкур мусобақа Жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид