Бокс/ММА

«Жаҳон чемпионлигига тайёрлигимни кўрсатиб қўймоқчиман». Исроил Мадримовнинг жанги расман тасдиқланди

Етакчи промоутерлик компанияларидан бири Matchroom Boxing расмий сайти орқали Исроил Мадримовнинг (4-0, 4 КО) бўлажак жанги тасдиқланганини эълон қилди.

29 февраль куни АҚШнинг Техас штати Фриско шаҳрида жойлашган The Star саройининг Ford Center марказида бўлиб ўтадиган жанг оқшомида Исроил Мадримов, аввал хабар берганимиздек, венесуэлалик Чарли Наварро (29-9, 22 КО) рақиблик қилади. Жанг 10 раунддан иборат бўлиб, супер ярим ўрта вазн тоифасининг WBA Regular (мавқеи бўйича иккинчи даражали жаҳон чемпионлиги) камарига даъвогар бўлиш учун (WBA Title Eliminator жанги) кечади ва шунингдек у WBA InterContinental камарини ҳам ҳимоя қилади.

“2020 йилдаги илк жангимни Фрискодаги катта бокс оқшомида ўтказиш имкониятига эга бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Ўтган ҳафтада ҳамюртим ва дўстим Муроджон Аҳмадалиевнинг Майамидаги кечада иккита чемпионлик камарини қўлга киритганини кўриб қувондим ва бу ғалаба менга ҳам жуда катта туртки бўлди. Мен ҳам шу йилнинг ўзида худди у каби жаҳон чемпионлари қаторига қўшилишни истайман.

Наварро мағрур ва ўта тажрибали жангчи. Унга қарши жанг мен учун катта синов бўлишини билиб турибман, аммо бу кеча иқтидоримни, очилмаган қирраларимни намойиш этишим учун жуда яхши имконият бўлади. Ўша куни жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритишга тайёр эканлигимни кўрсатаман”, дея гапириб ўтди Исроил Мадримов.

Эслатиб ўтамиз, Исроил даъвогар бўлишга интилаётган чемпионлик камари айни вақтда кубалик Эрисланди Ларага (26-3-3, 15 КО) тегишли бўлиб турибди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид