Бокс/ММА

Маҳмуд Мурадовнинг UFCдаги навбатдаги рақиби маълум бўлди

Аралаш жанг санъати (MMA) бўйича ўрта (-84 кг) вазн тоифасида октагонга чиқиб келаётган ўзбекистонлик Маҳмуд Мурадов (24-6, 15 КО) UFCдаги учинчи жангини Бразилияда ўтказадиган бўлди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Маҳмуд Мурадов ММАнинг энг нуфузли турнири бўлган UFCдаги учинчи жангида бразилиялик Антонио Карлос Жуниорга (10-4) қарши рингга чиқади. Жанг 14 март куни Бразилия пойтахти Бразилиа шаҳридаги “Ginásio Nilson Nelson” аренасида бўлиб ўтади. Мазкур жанг UFC on ESPN+ 28 турнири доирасида ташкил этиладиган ММА кечасида бўлиб ўтади.

Аслида Антонио Карлос Бред Таваресга (17-6, 5 КО) қарши рингга чиқиши лозим эди, аммо бу жанг бекор қилинган ва Таварес ўрнига Маҳмуд Мурадов Антонио Карлосга рақиблик қилиш бўйича келишувга эришган.

Маълумот учун, 29 ёшли Антонио Карлос жами 14та жангда (UFCда 11та жанг, 4 мағлубият) октагонга чиқиб уларнинг 10тасида ғалаба қозонган. Айни вақтда у UFC расмий рейтингида 14-ўринда бормоқда. Маҳмуд Мурадов бу орқали ўзининг учинчи жангидаёқ ТОП-15ликка кирган жангчига қарши октагонга кўтарилиш имкониятига эга бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Мурадов UFCдаги дебют жангида италиялик Алессио ди Кирикони (12-4, 9 КО) очколар ҳисобига кўра, иккинчи жангида Тревор Смитни (15-10, 10 КО) учинчи раундда нокаут эвазига мағлубиятга учратган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид