Бокс/ММА

Муроджон Аҳмадалиевнинг жаҳон чемпионлиги учун жанги муддати ва манзили маълум бўлди

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34) вазн тоифаси вакили ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (6-0, 5 КО) 2019 йилнинг 24 август куни жаҳон чемпионлиги учун рингга чиқиши кутилмоқда. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри ишончли манбалари хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Matchroom Boxing промоутерлик компанияси ва унинг раҳбари Эдди Ҳирн мазкур вазнда WBA ва IBF йўналиш чемпиони Даниэль Романнинг (27-2-1, 10 КО) навбатдаги мажбурий ҳимоя жангини 24 августда ўтказиш бўйича келишувга эришган. Жанг 24 август куни Мексиканинг Сонора штати маркази Эрмосильо шаҳрида бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Эдди Ҳирн Муроджон Аҳмадалиевнинг ҳам, Романнинг ҳам промоутерлари билан тижорий қўшма-промоушенлик (co-promotional) шартномасига эга. Унга кўра, Matchroom Boxing кўпроқ боксчиларнинг жангини трансляция қилиш, уларни кенг ёритиш, реклама қилиш билан шуғулланади.

Манбага кўра, Даниэль Романнинг 24 август куни ҳимоя жангида иштирок этиши аниқ. Бироқ бу фақатгина IBF камари учун бўлиши мумкин. Ҳирн унинг жангини ташкиллаштиргани билан, айнан Муроджон Аҳмадалиевга қарши тушиш-тушмаслигини ҳал қила олмайди. Шу боис, Роман WBA камаридан воз кечиши ва ўша куни фақат IBF чемпионлик камари учун япониялик мажбурий даъвогар Рёсуки Ивасага (26-3, 16 КО) қарши ҳам рингга чиқиши мумкин. Бундай вазиятда Муроджон Аҳмадалиев бўш қолган WBA чемпионлик камари учун бошқа бир боксчи билан жанг қилишига тўғри келади.

Ҳозирча бу борада расмий маълумотлар йўқ. WBA 2 июль куни бўлиб ўтадиган промоутерлик савдоларидан кейин бу борада аниқ маълумотларни тақдим этади.

Агар, мазкур жанг амалга ошадиган бўлса, Муроджон Аҳмадалиев океан ортида жаҳон чемпионлик камари учун рингга чиққан иккинчи, Мексикада бу ишни амалга оширган илк ўзбек боксчига айланади. Эслатиб ўтамиз, бунгача Муҳаммадқодир Абдуллаев 14 йил муқаддам (2005 йил 11 июнь куни) Мигел Коттога қарши WBO чемпионлик камари учун рингга чиқиб, 9 раундда техник нокаут эвазига имкониятни бой бериб қўйганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид