Бокс/ММА

Муроджон Аҳмадалиев собиқ чемпионга қарши рингга чиқади

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (5-0, 4 КО) 19 апрель куни ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. Бу ҳақда спортчи GoSport.uz интернет-нашрига маълум қилди.

Олдинроқ, Муроджон 26 апрель куни навбатдаги жанги учун рингга кўтарилиши маълум қилинганди. Бироқ боксчининг промоутерлари бироз олдинроқ муддатда жанг ўтказиш бўйича келишувга эришган.

Келишувга кўра, 19 апрель куни Аҳмадалиев биринчи ярим енгил (-53,42 кг) вазн тоифасида NABF йўналиши чемпиони, энг нуфузли йўналиш WBC жаҳон чемпионлиги учун жанг ўтказган мексикалик Карлос Карлсонга (23-5, 14 КО) қарши рингга чиқади. Жанг Калифорния штатининг Онтарио шаҳрида жойлашган Hilton меҳмонхонасининг DoubleTree саройида бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Карлсон 2017 йилда WBC чемпионлик камари учун жангда япониялик Шинсуке Яманакага имкониятни бой бериб қўйганди.

Эслатиб ўтамиз, Муроджон бу жангдан сўнг WBA чемпионлик камари соҳиби америкалик Даниэл Роман (26-2-1, 10 КО) ва IBF камари эгаси австралиялик Теренс Доэни (21-0, 15 КО) камарларни бирлаштирувчи жанги ғолиби 90 кун ичида айнан Муроджон Аҳмадалиевга қарши мажбурий жанг ўтказиши лозим бўлади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид