Бокс/ММА

Президент Муроджон Аҳмадалиевга «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини бериш тўғрисида фармонни имзолади

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида икки йўналиш — WBA ва IBF йўналиши бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган Муроджон Аҳмадалиев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармонига асосан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.

«Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, жаҳон миқёсида ўзбек спорти шон-шуҳратини янада оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, хусусан, Америка Қўшма Штатларининг Майами шаҳрида профессионал бокс бўйича бўлиб ўтган мусобақада юксак азму шижоат ва маҳоратини намоён этиб, юртимиз бокс спорти тарихида илк маротаба WBA ва IBF йўналишларида ғалаба қозониб, рекорд натижани қўлга киритгани ҳамда ёшларимизга ибрат намунасини кўрсатиб, улар онгида миллий ғурур, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Ахмадалиев Муроджон Қаҳор ўғлига «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони берилсин» дейилади президент имзолаган ҳужжатда.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмадалиев Даниэл Романга қарши жангда ҳакамлар қарорига кўра, очколар ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон тарихида илк марта бир йўла икки йўналишда жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид