Бокс/ММА

Муроджон Аҳмадалиевнинг бўлажак рақибини аниқлаб берувчи иккита камар учун жанг муддати маълум бўлди

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифаси вакили саналган Муроджон Аҳмадалиевнинг (5-0, 4 КО) бўлажак рақибини аниқлаб берадиган жанг муддати белгиланди. Бу ҳақда GoSport.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, мазкур вазннинг WBA чемпионлик камари соҳиби америкалик Даниэл Роман (26-2-1, 10 КО) ва IBF камари эгаси австралиялик Теренс Доэни (21-0, 15 КО) камарларни бирлаштирувчи жанги 26 апрель куни бўлиб ўтиши белгиланди. Жанг Калифорния штатининг Инглвуд шаҳрида жойлашган машҳур казинолар маркази Форум саройида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, WBA рейтингида етакчилик қилаётган Муроджон Аҳмадалиев Даниэл Романга қарши мажбурий жанг ўтказиши лозим эди. Роман камарларни бирлаштирувчи жангда иштирок этишини билдиргач, WBA келгусида Муроджон Аҳмадалиевга қарши мажбурий жанг ўтказилиши шарти билан мазкур битимга рози бўлганди. Роман-Доэни жанги белгилангач, WBA мазкур жанг ғолиби 90 кун ичида Муроджон Аҳмадалиевга қарши рингга чиқиш мажбуриятига эга бўлишини эълон қилди.

Инглвудда бўлиб ўтадиган мазкур бокс оқшоми Matchroom Boxing промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Ҳирн ва Thompson Boxing Promotions компанияси раҳбари Кен Томпсон томонидан ташкил қилинмоқда.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид