Бокс/ММА

Муроджон Аҳмадалиев Геннадий Головкин билан битта бокс кечасида жанг қилиши мумкин

Профессионал боксда фаолият олиб бораётган Matchroom Boxing промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Ҳирн қозоғистонлик собиқ жаҳон чемпиони Геннадий Головкин (39-1-1, 35 КО) ва жаҳон чемпионлик камари учун даъвогар ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев иштирокидаги жангларни бир кунда ташкиллаштирмоқчи. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Айни вақтда Эдди Ҳирн Головкиннинг 14 сентябрь куни рингга кўтарилиши бўйича музокаралар олиб бормоқда. Аммо Головкинда рақиб бўйича муаммолар юзага келган. Жамоанинг Сауль Алварес (52-1-2, 35 КО) билан учинчи жанг — реваншни ташкил бўйича музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. Альварес IBF чемпионлик камарининг мажбурий ҳимояси учун Сергей Деревянченкога (13-1, 10 КО) қарши жанг ўтказиши кутилмоқда.

Головкинда ҳозирча, супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасининг WBO йўналиши чемпиони Хайми Мунгия (33-0, 26 КО) ёки ўрта вазн тоифасининг WBO йўналиши чемпиони Деметриус Андрадега (28-0, 17 КО) қарши жанг ўтказиши мумкинлиги айтилмоқда. Аммо бу борада ҳам расмий музокаралар олиб борилаётгани аниқ эмас.

Эслатиб ўтамиз, Муроджон Аҳмадалиев 14 сентябрь куни иккинчи енгил (-55,34 кг) вазн тоифасининг WBA ва IBF чемпионлик камари соҳиби Даниэл Романга (27-2-1, 10 КО) қарши рингга чиқади. Жанг Лос-Анжелесда бўлиб ўтиши лозим эди. Аммо айни вақтда иккала боксчи билан қўшма промоутерлик келишувига эга бўлиб турган Эдди Ҳирн жангни Лас-Вегасда ташкил этиш вариантини ҳам таклиф қилмоқда.

Шу куни Геннадий Головкиндан ташқари енгил (-61,2 кг) вазн тоифасининг WBC йўналиши чемпионлик камарига биринчи рақамли даъвогар (WBC Eliminator) бўлиш учун Девин Ҳейни (22-0, 14 КО) россиялик Заур Абдуллаевга (11-0, 7 КО) қарши рингга чиқиши кутилмоқда. Бундан ташқари ўта оғир вазн тоифаси вакиллари россиялик Сергей Кузмин (15-0, 11 КО) ва америкалик Майкл Ҳантер (17-1, 12 КО) ўртасида ҳам узоқ кутилган тўқнашув ўтказилиши маълум қилинган. Сўнгги икки жанг бўйича расмий келишувлар ҳақида эълон қилинган.

Жанглар АҚШда DAZN интернет-платформаси орқали трансляция қилинади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид