Бокс/ММА

Муроджон Аҳмадалиевнинг жанги муддати яна ўзгарди

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (5-0, 4 КО) апрель ойида ўзининг навбатдаги жангини ўтказиши ҳақида хабар бергандик. Боксчи вакилларининг GoSport.uz интернет-нашрига маълум қилишича, жанг муддати ва жойи яна ўзгарган.

Унга кўра, Муроджон барибир 26 апрель куни навбатдаги жангида рингга кўтарилади. Дастлаб, Муроджон айнан 26 апрель куни рингга кўтарилиши маълум қилинганди. Бироқ кейинроқ боксчининг промоутерлари бироз олдинроқ муддатда жанг ўтказиш бўйича келишувга эришгани маълум қилинганди. Унга кўра, Муроджон 19 апрель куни рингга кўтарилиши лозим эди. Бироқ бугун маълум бўлишича, Аҳмадалиев икки ой муқаддам аниқ бўлган вақтда рингга чиқадиган бўлди. Жангда аввал маълум қилинганидек Карлос Карлсон (23-5, 14 КО) унга рақиблик қилади.

Жанг Калифорния штатининг Инглвуд шаҳрида жойлашган машҳур казино маркази Форум саройида бўлиб ўтади.

Аҳамиятли томони, бокс кечасининг марказий жангида Муроджон жанг қиладиган вазннинг WBA чемпионлик камари соҳиби америкалик Даниэл Роман (26-2-1, 10 КО) ва IBF камари эгаси австралиялик Теренс Доэни (21-0, 15 КО) камарларни бирлаштирувчи жанги ҳам айнан ўша куни, ўша саройда бўлиб ўтади.

Мазкур жанг ғолиби 90 кун ичида айнан Муроджон Аҳмадалиевга қарши мажбурий жанг ўтказиши лозим бўлади. Бундан кўриниб турибдики, Муроджон Аҳмадалиев ўша куни жанг ўтказиш билан бирга, бўлажак рақибини аниқлаб берадиган тўқнашувни бевосита кузатиш имкониятига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур бокс оқшомида ўзбекистонлик бошқа бир боксчи Шаҳрам Ғиёсов (7-0, 6 КО) ҳам рингга кўтарилади.

Инглвудда бўлиб ўтадиган мазкур бокс оқшоми Matchroom Boxing промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Ҳирн ва Thompson Boxing Promotions компанияси раҳбари Кен Томпсон томонидан ташкил қилинмоқда.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид