Бокс/ММА

Яратилмаган тарих. Шоҳжаҳон Эргашев жаҳон чемпионлик камари учун жангни қандай бой бергани ҳақида

Бугун Доминикан Республикасида бокс оқшоми бўлиб ўтади ва унда маҳаллий боксчи Алберто Пуэльо (16-0, 9 КО) асли доминиканлик, ҳозирда Испания байроғи остида рингга кўтарилаётган Жонатан Алонсога (18-0, 7 КО) қарши рингга кўтарилади. Бир қарашда одатий жанг. Профессионал боксда бундай жангларни ҳар куни жуда кўп кузатиш мумкин. Аммо бу ерда бир жиҳат борки, бу ўзбек бокс жамоатчилиги учун жуда муҳим дейиш мумкин. Охиригача ўқисангиз тушуниб оласиз.

Гап шундаки, доминиканлик икки боксчи ўртасидаги жанг супер енгил (-63,5 кг)вазн тоифасининг WBA чемпионлик камари учун кечади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жаҳон чемпионлик камари учун. Фақат биргина тарафи бу вақтинчалик чемпионлик камари бўлади. Мазкур вазн тоифасида WBA ва IBF йўналиши чемпионлари Бутунжаҳон бокс супер сериялари — WBSS да иштирок этаётгани боис, WBA бир қарорга келди ва мазкур вазнда яна иккита чемпионлик жангни ташкил қилишга қарор қилди. Асосий чемпион Режис Прогре (24-0, 20 КО) Super чемпионга айлантирилди ва бу йўналишда оддий Regular чемпионлик камари таъсис этилди. Бунинг учун рейтингда биринчи ва иккинчи ўринда бораётган Марио Барриос (24-0, 16 КО) ва асли ўзбекистонлик Батир Ахмедов (7-0, 6 КО) ўртасида промоутерлик савдолари эълон қилди. Айни вақтда икки жамоа промоутерлари музокара олиб бормоқда ва тез орада мазкур жанг ўтказилиш муддати аниқ бўлади.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Сахий WBA бу вазнда шунингдек вақтинчалик чемпионлик камари учун ҳам савдолар бошланишини эълон қилди ва бунинг учун ўз-ўзидан рейтингда учинчи ва тўртинчи ўринда бораётган жангчилар жанг олиб бориши лозим эди. Энди юқорида айтмоқчи бўлган фикримизга етиб келдик. Мазкур камар бўйича эълон берилган вақтда (июнь ойида) рейтингда Алберто Пуэльо учинчи, ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 КО) эса тўртинчи ўринда бораётганди. Яъни бу дегани WBA вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари учун Пуэльо ва Шоҳжаҳон Эргашев жанг қилиши керак дегани эди.

Интернет-нашрларида Шоҳжаҳон Эргашевнинг боксдаги ғалати йўли ҳақида мақола эълон қилингач, бошқа нашрларга интервью берган Эргашев вақтинчалик чемпионлик камари учун уришиш имконияти борлигини (аслида у Regular камарни назарда тутганди. Чунки мисол сифатида “худди Мэнни Пакьяога ўхшаб“ деган гапни айтганди. Пакьяода эса бу пайтда айнан “мунтазам“ чемпионлик камари бор эди. Афсуски боксчиларимизнинг ташкилий масаладаги билими ҳозирча шу даражада, шекилли) айтганди. Энди қаранг сахий деганимиз WBA яна бир чемпионлик камари учун жанг ташкил қиляпти. Шоҳжаҳон ўзи билиб-билмай айтиб қўйган чемпионлик камари учун жангга, ҳеч қандай жанг ўтказмасдан туриб ҳам чиқиш имконияти яратиляпти, аммо… Орадан икки ҳафта ўтяптики, на Шоҳжаҳон ва на унинг промоутерлари бу боради қандайдир ишни амалга оширишмаяпти. Яъни бирорта ўзгариш йўқ. Орадан уч ҳафта ўтяпти ва тоқати тоқ бўлган WBA янги рейтингда Шоҳжаҳон Эргашевни 5-ўринга тушириб, бу муддат ичида бирорта жанг ўтказмаган Алонсони 4-ўринга кўтаряпти ва дарҳол Пуэльо ва Алонсо чемпионлик камари учун жанг бўйича келишувга эришяпти…

2018 йилнинг 24 ноябрь куни иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида жаҳон чемпионлик камари учун биринчи рақамли даъвогар Муроджон Аҳмадалиев Айзек Саратега (16-5-3, 2 КО) қарши жангга чиқади ва 9 раундда техник нокаут эвазига ғалаба қозонади. Ўшанда Муроджоннинг жуда қаттиқ хурсанд бўлиб бақириб ушбу ғалабани нишонлаганига ҳайрон бўлгандим. Бошида бу масалани унчалик тушунмагандим, аммо орадан вақт ўтиб барчаси ойдинлашганди. Гап шундаки, ўшанда Аҳмадалиевнинг промоутерлари “Мир бокса“ боксчини чемпионлик жангида иштирок этишга тайёр деб ҳисоблаб, унга рейтингда биринчи ўринга чиқиш имкониятини берувчи рақиб топишни исташган. Барча ҳисоб-китоблар инобатга олиниб Сарате варианти танланган. Нимага? Сабаби бу вазн бўйича чемпион Даниэл Роман (27-2-1, 10КО) февраль ойида WBA чемпионлик камарини мажбурий ҳимоя қилиш учун мажбурий даъвогарга қарши уришиши лозим эди. Яъни январь ойидаги рейтингда биринчи ўринда бўладиган Романга қарши мажбурий даъвогар номини қўлга киритарди. Муроджоннинг ноябрдаги ғалабаси эвазига у декабрь ва 2019 йилнинг дастлабки икки ойида рейтинг етакчиси деган номни қўлга киритди ва Романга қарши мажбурий даъвогарга айланди. Мана орадан вақт ўтиб, Роман қанча ҳаракат қилмасин энди 6тагина жанг ўтказган Муроджонга қарши чемпионлик жангида иштирок этишга мажбур бўлмоқда. Бу вазиятда узоқни кўра олган “Мир бокса“ вакилларига қойил қолмасдан иложимиз йўқ.

Мен юқоридаги ҳолатни нега эсладим? Агар боксчи чемпионлик учун чиқишни истаса ва бунга ўзини тайёр деб ҳисобласа, жуда узоқ вақт ва кўп нарса талаб қилинмайди — яхши тайёргарлик ва яхши промоутер. Ўша промоутер ташкил қилиб берадиган конкрет яхши жанглар, қандайдир навбатдаги “мешок“ билан расмий манбаларда қайд қилинмайдиган кўргазмали жанглар эмас.

Шоҳжаҳон Эргашев узоқ вақт матбуотда, интернетда чиқиш қилиб “тез орада чемпионлик камарини олиб келаман, “апрелда чемпионлик учун жанг қиламан“ демасдан, ростакамига ҳаракат қилганида бугун сиз билан биз узоқ йиллардан бери яратилмаётган янги тарихни гувоҳига айланган бўлардик. Шоҳжаҳон Эргашев бугун жаҳон чемпионлик камари учун рингга чиқаётган бўларди…

Пуэльога қарши жанг нимага ташкил этилмагани бизга қоронғи. Балки боксчининг ўзи, балки промоутерлар буни хоҳлашмагандир. Нимадандир чўчишгандир. Ва энг ёмон промоутерлар ҳатто бунақа имконияти борлигини билмагандир ҳам (ана сизга ташкилотчи), лекин бир нарса аниқ гап ё Шоҳжаҳонда ё промоутерларида. Шоҳжаҳон тайёр бўлса, промоутерлари хоҳлаганида жон куйдирганида нафақат вақтинчалик чемпионлик камари учун, балки Барриос ёки Ахмедов (дарвоқе Ахмедов ҳам “Мир бокса“да, қойилларим) ўрнида Regular камар учун ҳам жанг қилиши мумкин эди. Майли бунинг учун кучлироқ рейтинг жанглари талаб қилинади дейлик. Аммо февралдан буён бирорта рейтинг жанги ўтказмасдан сенда жаҳон чемпионлик камари учун жанг қилиш имконияти бўлиб турганда уни қандай қилиб бой бериш мумкин? Агар WBA хоҳламаган бўлса (фантастик тасаввур қилайлик, улар йўқ бу камарга учинчи билан бешинчи тушади, тўртинчи қолади деган бўлсада, мабодо, мабоооодо), қандай қилиб бунга қарши курашмаслик мумкин? Наҳотки промоутерлар буни билмаган бўлса? Унда нега керак бундай промоутерлар? Агар билган бўлса, нега ҳаққини талаб қилишмаган? Саволлар кўп. Жавоб эса доимгидек очиқ.

Инглизларда бир мақол бор — Actions speak louder than words. Менимча буни таржима қилишимизнинг ҳам ҳожати йўқ. Умид қиламизки, келгусида Шоҳжаҳон Эргашев вақтинчалик чемпионлик камари учун эмас, балки бутун бошли Super камар учун жанг қилади. Ҳозирча эса биз на кулишни, на йиғлашни биладиган вазиятни муҳокама қилиб ўтиришдан ўзга чорамиз йўқ.

Шуҳрат Икромов.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид