Бокс/ММА

Ўзбекистонлик ММА устаси навбатдаги жангидан сўнг вафот этди

Аралаш жанг санъати (ММА) устаси 27 ёшли Бекзод Нурматов (11-2, 7 КО) навбатдаги жангида иштирок этганидан икки кун ўтиб вафот этди. Бу ҳақда GoSport интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Нурматов шанба куни Чеченистон пойтахти Грознийда бўлиб ўтган ММАнинг Absolute Championship Akhmat 100 (АCА) турнир доирасида рингга кўтарилган. Спортчи 3 раундлик жангда 36 ёшли россиялик Беслан Исаевга қарши рингга чиқиб, ҳакамларнинг турфа хил қарорлари билан очколар ҳисобида мағлубиятга учраган.

Жангдан сўнг Бекзод Нурматов ҳушини йўқотган ва кома ҳолатига тушиб қолган. Шифокорлар унда инсульт (мияга қон қуйилиши) юз берганини маълум қилган. Икки кунлик комадан сўнг душанба куни спортчи шифохонада вафот этган. Сешанба куни унинг жасади Ўзбекистонга олиб келиниши режалаштирилган.

Бекзод Нурматов Қуролли кучлар курсанти сифатида фаолият юритган. У ММАдан ташқари қўл жанги спорт тури билан шуғулланган ва жаҳон кубогида ғалаба қозонганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид