Бокс/ММА

Кутилмаган хабар: Муроджон Аҳмадалиевнинг рақиби чемпионлик жангида рингга чиқмайдиган бўлди

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида WBA ва IBF чемпионлик камарлари соҳиби Даниэл Роман (27-2-1, 10 КО)жароҳати сабаб 13 сентябрь куни Муроджон Аҳмадалиевга (6-0, 5 КО) қарши бўлиб ўтиши лозим бўлган жангда иштирок этмайдиган бўлди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Роман 19 август куни машғулотлар вақтида ўтказилган спарринг жангларида чап елкасидан жароҳат олган. Аммо у фақат бугунга келиб, жанг бошланишига 10 кун қолганда буни маълум қилди. Мазкур жанг 13 сентябрь куни Нью-Йоркдаги «Мэдисон Сквер Гарден» спорт саройида бўлиб ўтиши лозим эди.

Романнинг қачон сафга қайтиши маълум эмас. У бугун жарроҳ кўригида бўлади. Мураббийларнинг фикрича у операция қилиниши ҳам мумкин.

Ҳозирча 13 сентябрь куни Муроджон рингга чиқиш чиқмаслиги маълум эмас. Роман WBA чемпионлик камарига мажбурий даъвогар билан рингга чиқмагани учун камардан маҳрум қилиниши кутилмоқда. 10 кун ичида мазкур камар учун Аҳмадалиев жанг қилиши номаълум бўлиб турибди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид