Бокс/ММА

Шаҳобиддин Зоировнинг навбатдаги рақиби маълум бўлди. У юлдузли бокс оқшомида рингга кўтарилади

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида фаолият олиб бораётган Шаҳобиддин Зоиров (2-0, 2 КО) 12 июль куни ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. Бу ҳақда спортчи GoSport.uz интернет-нашрига маълум қилди.

Маълумотларга кўра, шу куни Зоиров Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги «Қирол Абдулла Спорт Сити»да (62 345 томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган футбол стадиони) ҳиндистонлик енгилмас боксчи Амандип Сингхга (4-0, 1 КО)қарши рингга кўтарилади. Жанг 6 раунддан иборат бўлиши режалаштирилган.

Мазкур бокс оқшомида бир қатор юлдуз боксчилар Ҳюги Фюри (22-2, 12 КО), Принц Пател (19-0-1, 14 КО), Дейв Пенасола (15-0, 11 КО) кабилар рингга чиқади. Кечанинг асосий жангида эса собиқ жаҳон чемпиони, британиялик Амир Хон (33-5, 20 КО) австралиялик собиқ жаҳон чемпиони Билли Дибга (45-5, 26 КО) қарши ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасининг WBC International камари учун рингга кўтарилади. Олдинроқ Амир Хон ҳиндистонлик бошқа бир боксчига қарши рингга чиқиш лозим эди, аммо рақиби автофалокатга учрагани боис рақиби ўзгарганди.

Эслатиб ўтамиз, Шаҳобиддин Зоиров сўнгги марта проф-боксда 18 май куни Данияда грузиялик Мишико Шубитидзени (12-15-3, 5 КО) биринчи раунддаёқ нокаутга учратиб ғалаба қозонганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид