Бокс/ММА

Шаҳрам Ғиёсовнинг навбатдаги жанги муддати аниқ бўлди

Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов (6-0-0, 5КО) ўзининг навбатдаги жангини 9 март куни ўтказади. Бу ҳақда Go Sport манбаси хабар берди.

Жанг Нью-Йоркдаги Верона шаҳарчасида жойлашган “Turning Stone Resort & Casino” аренасида бўлиб ўтади. Ҳозирча Шаҳрамга ким рақиблик қилиши маълум эмас. Тез орада спортчи бу борада ҳам маълумот беришини билдириб ўтди.

9 март куни бўлиб ўтадиган бокс оқшомининг асосий жангида россиялик ярим оғир (-79,38 кг) вазн тоифасининг WBA йўналиши чемпиони Дмитрий Бивол (15-0-0, 11КО) америкалик Жо Смит Жуниорга (24-2-0, 20КО) қарши чемпионлик камарини ҳимоя қилади. Шунингдек мазкур бокс кечасида супер енгил вазн тоифасининг WBO камари соҳиби америкалик Маурис Ҳукер (25-0-3, 17КО) асли тринидадлик бўлган Миккел Леспьерга (20-0-1, 9 КО) қарши камар ҳимояси учун жанг қилади.

Мазкур жанглар АҚШда DAZN интернет платформаси орқали трансляция қилинса, Британияда Sky Sports телеканали орқали намойиш этилади.

Маълумот учун, Шаҳрам Ғиёсов шу кунгача профессионал боксда 6та жанг ўтказиб уларнинг барчасида ғалаба қозонган. 5 маротаба рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратган. Сўнгги марта у 2018 йилнинг 24 ноябрь куни мексикалик Мигел Самудиони (41-12-1, 25 КО) биринчи раунддаёқ техник нокаут эвазига мағлубиятга учратганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид