Бокс/ММА

Шавкат Мирзиёев бокс бўйича жаҳон чемпионати қаҳрамонларини давлат мукофоти билан тақдирлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

“Жорий йилнинг 6-22 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида дунёнинг 80 га яқин мамлакатлари ўртасида бокс бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида миллий терма жамоамиз вакиллари юксак азму шижоат ва маҳорат намунасини кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллаганлиги ҳамда Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини тараннум этишга катта ҳисса қўшганлиги, юртимизда спортни кенг оммалаштириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшлар онгида миллий ғурур, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги муносиб хизматлари учун улар фахрий унвон ва медаллар билан мукофотланди”, дейилади фармон матнида.

Фармонга кўра, жаҳон чемпионлари Баҳодир Жалолов ва Миразизбек Мирзаҳалилов «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан, Шаҳобиддин Зоиров эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» унвони билан тақдирланди.

Бундан ташқари бошқа спортчилар ва мураббийлар ҳам давлат мукофоти билан тақдирланди. Қуйида уларнинг тўлиқ рўйхати билан танишиб олишингиз мумкин:

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози»
Курбанов Марат Галиевич – Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи
Қиличев Тўлкин Махмурович – Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг бокс бўйича мураббийи
Эркаев Баходир Тургунович – Фарғона вилояти ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс бўйича мураббийи

«Келажак бунёдкори» медали билан
Батуров Бобо-Усмон Шамсутдин ўғли – Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси
Рўзметов Дилшодбек Юсупбай ўғли – Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси
«Шуҳрат» медали билан
Ахмедов Бурхон Бахрамович – Пахтакор туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс бўйича мураббийи, Жиззах вилояти
Қиличев Фарруҳ Комилович – Чирчиқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг бокс бўйича бош мураббийи, Тошкент вилояти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 3та олтин 1та кумуш ва 1та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган ва жаҳон чемпионатларининг энг яхши натижасини қайд этганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид