Бокс/ММА

Шоҳжаҳон Эргашев IBF нинг янгиланган рейтингида бир йўла тўрт поғона юқорилади

Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 KO) Халқаро бокс федерациясининг (IBF) февраль ойи учун янгиланган рейтингида тўрт поғона юқорилашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Эълон қилинган янги рейтингда Шоҳжаҳон Эргашев бу сафар 7-поғонадан жой олган. Сўнгги марта у февраль ойида Майкал Фоксни (19-1, 5 КО) очколар бўйича мағлубиятга учратганди.

Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (15-0, 9 КО) эса сўнгги марта рейтингдаги 4-ўрнини сақлаб қолган, 30 март куни Қудратилло айнан мана шу рейтинг етакчилиги учун япониялик Кеита Обарага (20-3-1, 18 КО) қарши рингга чиқади. Агар шу жангда ғалаба қозонадиган бўлса, кейинги ойда эълон қилинадиган рейтинг пешқадамига айланади. Мағлубиятга учраган тақдирда рейтингнинг қуйи поғоналарига тушиб кетиши мумкин.

Қайд этиб ўтиш жоиз, Шоҳжаҳон Эргашев мазкур йўналиш рейтингида юқорига кўтарилгани билан ҳар қандай натижаларга қарамасдан, 2019 йил сўнгига қадар бу йўналиш бўйича чемпионликка даъвогарлик қила олмайди. Сабаби февраль ойида мазкур вазн тоифасида рингга чиқаётган таиландлик Апинан Хонгсонг (15-0, 12 КО) япониялик собиқ жаҳон чемпиони Акихиро Кондони (31-8-1, 18 КО) мағлубиятга учратиб, бу йўналиш рейтингида биринчи ўринга кўтарилди ва чемпионлик учун мажбурий даъвогарга айланди. Йўналиш чемпиони Иван Баранчик (19-0, 12 КО) айни вақтда WBSS мусобақаларида иштирок этмоқда. Майда у Жош Тэйлорга (14-0, 12 КО) қарши ярим финал доирасида рингга чиқади. Финал баҳслари куз ойларида ўтишини ҳисобга олсак, таиландлик боксчи шундан сўнгина чемпионлик учун рингга чиқиш имкониятига эга бўлади. Шу боисдан ҳам Шоҳжаҳон бу йўналишда яқин бир йил давомида чемпионлик учун жанг қилиш имкониятига эга бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, Эргашев ой бошида янгиланган WBA рейтингида 4-ўринга кўтарилганди.

IBF рейтингидан ўзбекистонлик бошқа боксчилар ўрин олишмаган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид