Бокс/ММА

Шоҳжаҳон Эргашев IBF нинг янгиланган рейтингида бир поғона юқорилади

Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев (15-0, 14 KO) Халқаро бокс федерациясининг (IBF) январ ойи учун янгиланган рейтингида бир поғона юқорилади.

7 февраль куни эълон қилинган янги рейтингда Шоҳжаҳон Эргашев 11-поғонадан жой олган. Ўтган ойда рейтингда қайд қилинган россиялик Сергей Липинец бу сафар кучли 15таликдан бутунлай чиқариб ташланиши натижасида Эргашев битта ўринга кўтарилган. Шоҳжаҳон айни вақтда WBA рейтингида 5-ўринда бормоқда

Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (15-0, 9 КО) эса рейтингдаги 4-ўрнини сақлаб қолган, 30 март куни Қудратилло айнан мана шу рейтинг етакчилиги учун япониялик Кеита Обарага (20-3-1, 18 КО) қарши рингга чиқади.

IBF рейтинг тузиш қоидаларига кўра, камар учун рингга чиққан спортчи мағлубиятга учрагач, рейтингдан чиқариб юборилади, ёки даъвогарликдан маҳрум қилинади. Шу боисдан бошқа йўналишлардан фарқли равишда бу йўналишда одатда даъвогарлик ўринлари — биринчи ва иккинчи ўринлар бўш қолади.

Шоҳжаҳон Эргашев жой олган рейтингда ҳам 1-2 ўринлар бўш қолмоқда. Қудратилло вазнидаги рейтингда ҳам юқори ўринлар бўш қолмоқда. IBF рейтингидан ўзбекистонлик бошқа боксчилар ўрин олишмаган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид