Бокс/ММА

Шоҳжаҳон Эргашев 12 июль куни чемпионлик камари учун жанг қилмоқчи

Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 КО) 12 июль куни чемпионлик камари учун рингга чиқмоқчи. Бу ҳақда спортчининг ўзи YouTube тармоғидаги интервьюларидан бирида маълум қилган.

“12 июль куни, насиб бўлса, чемпионлик камари учун жанг қилмоқчиман. Жанг АҚШда бўлиб ўтади“, деган Эргашев.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда боксчи Москвада ўзининг навбатдаги жангини Даниэлито Зоррийяга (11-0, 9 КО) қарши ўтказиши лозим эди. Аммо кейинроқ бу жанг ҳақидаги хабарлар ёлғон бўлиб чиқди ва Эргашев бутунлай бошқа боксчи билан рингга чиқди. Аммо мазкур жанг профессионал бокс рекордларини (статистика) ҳисоблаб борувчи барча расмий манбалардан ўчириб ташланган. Бунинг сабаби маълум эмас.

Шоҳжаҳон айнан қайси чемпионлик жангида иштирок этиши ва рақиби ким бўлишига ойдинлик киритмаган. Маълумот учун, Шоҳжаҳон рингга чиқадиган вазндаги барча камарлар банд. Уларнинг ҳимояси учун ҳам жанглар аниқ бўлиб улгурган. WBC ва WBO камарлари соҳиблари бирлаштирувчи жангда иштирок этса, WBA ва IBF чемпионлари WBSS финалида ўзаро рўбарў келишади.

Таҳририятдан: GoSport.uz Шоҳжаҳон Эргашев ҳақидаги маълумотларни фақат унинг ўзи айтганидан сўнг хабар сифатида чоп этади. Хабарларнинг қанчалик рост ёки ёлғонлигига кафолат бермайди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид