Бокс/ММА

Шоҳжаҳон Эргашевнинг навбатдаги жанги муддати аниқ. У жаҳон чемпионлик камари даъвогарлиги учун рингга чиқади

Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шоҳжаҳон Эргашев (17-0, 15 КО) 2020 йилнинг бошида ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Эргашев келгусининг 10 январ куни америкалик Кит Ҳантерга (11-0, 7 КО) қарши рингга чиқади. Жанг Нью-Жерси штати маркази Атлантик Сити шаҳрида бўлиб ўтади. 12 раунддан иборат жанг ғолиби айни вақтда Марио Барриос (25-0, 16 КО) эгалик қилаётган WBA нинг «оддий» камари WBA Regular чемпионлик камари учун расмий даъвогарга айланади.

Маълумот учун, Кит Ҳантер фаолияти давомида 11та жанг ўтказган бўлиб, 10-жангида у ўзбекистонлик бошқа бир боксчи Санжарбек Раҳмоновга (12-2-1, 6 КО) қарши рингга чиқиб, ҳакамларнинг турфа қарори эвазига ғолиб чиққанди. Ўшанда 2 раундда Санжар Раҳмонов нокдаун ҳолатига тушгани учун ҳисоб очилган, бироқ кўпчиликнинг фикрига кўра, ҳакамларнинг якуний қарори баҳсли бўлган. Санжар Раҳмонов жангдан сўнг протест ёзишгани ҳақида ҳам хабар қилиб ўтганди.

Атлантик Ситида бўлиб ўтадиган бокс оқшомининг марказий жангида аёллар ўртасида иккита йўналиш бўйича жаҳон чемпионлик камари учун жанг бўлиб ўтади. Унда Salita Promotions промоутерлик компанияси вакили, америкалик Кларесса Шилдс хорватиялик Ивана Ҳабазинга қарши рингга чиқади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид