Бокс/ММА

Ўзбек боксчиси учинчи жангидаёқ чемпионлик камари учун рингга чиқади

Профессионал бокснинг ярим оғир (-79,38 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Рустам Тўлаганов (2-0, 1 КО) февраль ойининг бошида навбатдаги жангини ўтказиши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Спортчининг вакили томонидан GoSport.uz интернет-нашрига маълум қилинишича Рустам шу куни чемпионлик камари учун рингга чиқадиган бўлди.

Олдин хабар қилинганидек, Рустам Тўлаганов 1 феврал куни Россиянинг Калининград шаҳрида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида рингга кўтарилади. Унга шу куни жиддий рақиб — польшалик Норберт Дабровски (23-8-2, 10 КО) рақиблик қилади. Жанг ярим оғир вазнда вакант бўлиб турган WBA Continental чемпионлик камари учун кечади.

Маълумот учун, Дабровски икки марта минтақавий чемпионлик камарлари учун жангларда иштирок этган бўлиб, айни вақтда ўз вазн тоифаси рейтингида 40-ўринда бормоқда. Рустам уни мағлуб этган тақдирда, ўз вазн тоифасида кучли 50таликка ва энг асосийси WBA рейтингида топ-15таликка кириб олиш имкониятига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Тўлаганов сўнгги марта 21 декабрь куни Красноярскда россиялик Константин Питерновни (21-24-, 10 КО) 4 раундда техник нокаут эвазига мағлубиятга учратганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид