Бокс/ММА

Қудратилло Абдуқаҳҳоров IBF камарига биринчи даъвогар бўлиш учун рингга чиқади

Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик боксчи Қудратилло Абдуқаҳҳоров ўзининг навбатдаги жангида IBF йўналиши рейтингида биринчи рақамли даъвогарни аниқлаш учун кураш олиб боради. Бу ҳақда спортчининг ўзи  Go Sport нашрига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Абдуқаҳҳоровга навбатдаги жангда япониялик Кеита Обара рақиблик қилади. Жанг 2019 йилнинг 5 январь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда бўлиб ўтади. Жанг расмий “for IBF еliminator” (IBF камари даъвогарлиги учун) номи остида ўтказилади.

Маълумот учун, 32 ёшли япониялик боксчи бугунгача 24та жанг ўтказиб уларнинг 20тасида ғалаба қозонган (18 нокаут), 3 марта мағлубиятга учраган, битта жангда дуранг натижа қайд этилган. Ҳозирда спортчи ярим ўрта вазннинг WBO йўналишида Осиё-Океания камари соҳиби саналади. Обара айни вақтда IBF йўналишида рейтингда олтинчи, WBO йўналишида эса 15-ўринда бормоқда. Кеита 2016 йилда IBF ва IBО йўналишлари чемпионлик камари учун рингга чиқиб, россиялик Эдуард Трояновскига ютқазиб қўйганди.

Қудратилло Абдуқаҳҳоров профессионал боксда 15 жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба (9 нокаут) қозонган. Бугунги кунда ўзбек боксчиси WBC рейтингида 3-ўринда бормоқда. Шунингдек, у IBF рейтингида тўртинчи, WBO рейтингида эса 12-поғонани банд этиб турибди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид