Бокс/ММА

Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг жаҳон чемпионлик камари учун қачон рингга чиқиши маълум

Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО) 2020 йил бошида ўзи даъвогар бўлган IBF чемпионлик камари учун рингга чиқади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Қудратилло 22 февраль куни бўлиб ўтадиган бокс оқшомида россиялик Сергей Липинецга (16-1, 12 КО) қарши рингга кўтарилади. Жанг ҳозирча «вақтинчалик» жаҳон чемпионлик камари учун ўтказилиши режа қилинган, аммо амалдаги чемпион Эррол Спенсдан (26-0, 21 КО) камар олиб қўйилган тақдирда, бу жанг тўлақонли жаҳон чемпионлик камари учун ўтказилиши мумкин.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, IBF низомига кўра, чемпион мажбурий даъвогар мавжуд бўлган ҳолатда, навбатдаги (мажбурий бўлмаган ҳимоя) жангидан сўнг  90 кун ичида даъвогар билан келишувга эришиши мумкин. Спенс сўнгги марта 28 сентябрь куни рингга чиққан. Шу боисдан ҳам унинг учун сўнгги муддат 28 декабрь саналади. Шундан сўнг, IBF чемпионлик камарини олиб қўйиш учун тўла ҳуқуққа эга бўлади. Аммо ташкилот баъзи ўринларда истисно тариқасида чемпионга охирги имкониятни бериши мумкин (масалан Спенснинг ЙТҲга учраши сабаб, унинг яқин орада рингга чиқа олмаслиги аниқ. IBF спортчини қўллаб-қувватлаб унинг камарига тегмаслиги эҳтимоли ҳам бор). Шу боисдан ҳам Абдуқаҳҳоров ва Липинец ўртасидаги жанг ҳозирча вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари мақомида қолади.

Маълумот учун, 22 февраль куни бўлиб ўтадиган бокс оқшомининг марказий жангида ўта оғир вазн юлдузлари Деонтей Уайлдер (41-0-1, 40 КО) ва Тайсон Фьюри (29-0-1, 20) ўртасидаги матч-реванш ташкиллаштирилади ва унда WBC чемпионлик камари ўртага қўйилади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид