Бокс/ММА

“Нечта камар?”, “Қанча гонорар?”, “Қачон жанг?” Аҳмадалиевнинг чемпионлик камари учун жанги борасида энг кўп берилаётган саволларга жавоблар

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (6-0, 5 КО) сентябрь ойида оддий тилда айтганда жаҳон чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. Унга ҳозирда WBA ва IBF бирлашган камарлари соҳиби Даниэл Роман (27-2-1, 10 КО) рақиблик қилиши лозим.

Ўзбек боксчи анча вақтдан буён бундай нуфузли жангда иштирок этмагани боис мухлисларда кўплаб саволлар туғилмоқда. Улар таҳририятимизга мурожаат қилиб, бу масалаларга ойдинлик киритишимизни сўрашган. Шу мақсадда мазкур жанг юзасидан энг кўп берилаётган саволларга тўхталиб ўтмоқчимиз. Имкон қадар буни оддий халқчил тилда тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, жанг учун савдоларда “Мир бокса“ промоутерлик компанияси ютиб чиқди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, савдолар промоутерлик компанияси ёлғиз қатнашди яъни рақиб жамоа промоутерлари савдода иштирок этмади. “Мир бокса“ жангни 145 минг долларга баҳолаб, унда ғолиб сифатида эълон қилинди. Айни вақтда компания жангни ўтказиш учун учта жойни тавсия қилмоқда.

Жанг қачон бўлади ўзи?

“Мир бокса“ мазкур жангни ўтказиш ҳуқуқини ютиб олди ва ғолиб ташкилотчи сифатида учта кунни ва учта манзилни таклиф қилмоқда. Бунда 14 сентябрь Лос-Анжелес, Калифорния, 21 сентябрь Тошкент, 28 сентябрь Санкт-Петербург вариантилари кўрсатиб ўтилган. Жанг компаниянинг бу борада алоҳида келишуви бўйича учта ҳудуддан бирида ўтказилади.

Шунча вақтдан буён келишув бўлмагач, савдолар ташкил қилинганди. Нега савдоларнинг ўзидаёқ жангнинг аниқ муддат белгиланмаган?

Юқорида айтиб ўтганимиздек “Мир бокса“ фақат жангни ташкил қилиш бўйича ҳуқуқни ютиб олди. Уларнинг олдида мазкур камар учун 30 сентябрга қадар жангни ўтказиш мажбурияти юкланган. Ютган томон ғалабадан кейин бу ҳақида бир қарорга келади. Яъни оддий тилда айтганда промоутерлик савдолари вақтида бир томон ютиши аниқ бўлса ҳам (масалан “Мир бокса“ битта ўзи қатнашди ва олдиндан ютиши аниқ эди. Лекин бу расмий тасдиқланмаганди) қоғозда фақат савдолардан сўнг ғолиб деб эътироф этилади. Шундан сўнг WBA уларга яна бир шарт қўяди.

WBA уставига кўра, промоутерлик савдоларида ютган томон, савдо кунидан эътиборан 20 кун ичида жангнинг аниқ муддати ва манзили, икки томоннинг ўзаро келишув шартномаси, жангнинг барча деталлари бўйича ҳужжатларни ташкилотга тақдим этиши керак. Бу борада кейинчалик форс-мажор (жанжалли ҳолатлар, бир томоннинг норозилиги) бўлмаслиги учун барча томон бу ҳужжатлар билан танишиб чиққан бўлиши шарт.

Муроджон Аҳмадалиев нечта камар учун жанг қилади ўзи?

Айни вақтда Даниэл Роман иккита чемпионлик камари соҳиби бўлсада, бу келишув WBA нинг мажбурий талаблари билан амалга ошмоқда. Яъни WBA ўз камарини мажбурий ҳимоясини талаб қилмоқда. Бундай вазиятда Роман эгалик қилаётган IBF камари учун WBA ҳеч қандай талаб қўя олмайди ва фақатгина Романнинг ўзи хоҳлаган тақдирда у бу камарни ҳам ўртага қўйиши мумкин. Бундан ташқари бу вазнда IBF йўналиши бўйича ҳам мажбурий даъвогар аллақачон пайдо бўлган — япониялик Рёсуки Иваса (26-3, 16 КО). Шу маънода бўлаётган савдолардан ҳам тушуниш мумкинки, Аҳмадалиев ва КО фақатгина ўз ҳуқуқи бўйича ягона камарга даъвогар бўляпти. Роман эса умуман иккинчи камарини тикиш тугул, жангнинг ўтказилишини ҳам истамаяпти. Бу ҳақда кейинги саволда гаплашамиз.

Даниэл Роман жангда қатнашмаслиги мумкинми?

Албатта. Келишув бўлмагач, промоутерлик савдоларининг эълон қилиниши, промоутерлик савдоларида фақатгина бир томоннинг иштирок этиши — буларнинг барчаси Роман ва унинг жамоаси мазкур жангнинг ўтказилишини хоҳламаётганини билдиради. Бунинг сабаблари турлича. Кимдир савол бериши мумкин: “Роман Муроджондан қўрқяптими?“ деб. Бир томондан шундай ҳам дейиш мумкин, аммо асосий жиҳати бу эмас. Сабаблари турлича. Биринчидан, истаймизми, йўқми биз қанчалик боксчиларимиз билан мақтанмайлик, ўзбек профессионал бокси ҳали дунёда алоҳида эътироф этиладиган эмас. Биргина мисол билан тушунтирганда, биздан ўтган 30 йилга яқин вақт ичида 2 нафар чемпион чиққан ва бу ҳам анча олдинги тарихга тўғри келади. Шу маънода ҳақиқий бизнесга айланиб кетган профи боксда номи чиқмаган ўзбекистонликка қарши жанг ўтказиш, профи бокс ўчоғи бўлган мексика-америкаликлар учун қизиқарли таклиф эмас, ҳозирча. Яъни оддий тилда айтганда Роман 30та жанг ўтказиб, ана энди юксак чўққиларга чиқиб келаётганида янаям юлдузлироқ жангларда иштирок этишни, янада кўпроқ пул тўланадиган жангларда чиқишни истайди. Афсуски, Муроджон билан жанг ҳозирча истаймизми йўқми АҚШ бокс бозорига солиштирганда жуда ва жуда арзон. Келинг Роман бўлиб ўйлаб кўрамиз: Сен иккита чемпионлик камарингни тиксанг-у, ўзинг учун кам бўлган пулни олсанг, яна 6тагина жанг ўтказган ҳали проф боксда у қадар номи чиқмаган бир мактаб вакилига (мабодо) ютқазиб қўйсанг. Кам пул тикиб ҳаммасидан айрилсанг — бўмапти. Роман ва унинг жамоаси тахминан мана шундай ўйлаши табиий. Шунинг учун улар бу жангдан ва WBA чемпионлик камаридан воз кечиб, IBF камарини ҳимоя қилишни танлаши мумкин. Рақиб ҳам синалган (Роман ютган Доэнига ютқазган) нисбатан кучсиз, энг асосийси нисбатан проф боксда номи чиққан мактабдан ва бу ерда гонорар яхшигина катта бўлиши табиий. Минимум риск ва кичик қурбонлик, энг асосийси ҳеч бўлмаса битта бўлсада чемпионлик камарини сақлаб қолиш кафолати ҳамда жарақ-жарақ пуллар. Бу ўринда бир нарсани қўшимча қилишимиз мумкин. Агар Роман Муроджон билан жангни бўлишини истаса ва иккала чемпионлик камарини ҳам ўртага қўядиган бўлса, унинг оладиган гонорари миқдори ҳам битта камар (Муроджон билан жангдаги камар) гонораридан кўпроқ бўлиши табиий, аммо юқорида эслаганимиздек, иккита камардан ҳам айрилиши риски кўпаяди. Бунақа вазиятда ўзини ҳурмат қилган ва ўзига ишонган боксчининг ўзига боғлиқ бўлиб қолади.

Энди ўзимни фикримни айтадиган бўлсам, воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, Роман бу ҳақда ўйлаяпти ва у камарни вакант қолдириш эҳтимоли юқори. 24 август куни Эдди Ҳирн унинг учун катта жанг ваъда қилиб қўйган. Албатта бу шахсий фикр ва уни нотўғри бўлиб чиқишини истайман.

Роман рад этса Муроджон нима қилади?

Бу ўринда хавотирланишга ўрин йўқ. Битта сўз билан тушунтирганда Муроджон Аҳмадалиев 30 сентябргача аниқ чемпионлик жангида иштирок этади. Насиб бўлса, кутилмаган ҳолатлар (жароҳат ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар) бўлмаса Аҳмадалиев узоқ танаффусдан сўнг чемпионлик камари учун чиққан биринчи ўзбекистонлик боксчига айланади. Роман камарни вакант қолдирган тақдирда Аҳмадалиев ва промоутерлари рейтингда бироз пастроқда бўлган бошқа спортчини танлаб у билан музокаралар олиб бориши ва жанг ўтказиши мумкин. Исроил Мадримов вазнида бу каби ҳолат ҳақида аввал ёзгандик. Аммо барибир биз биринчи навбатда айнан Роман ва Аҳмадалиев жанги бўлишини чин дилдан истаймиз. Вакант камар учун урушгандан кўра, уни амалдаги соҳибини ютиб қўлга киритиш исталган амбицияли боксчининг орзуси бўлади. Мухлис учун ҳам шу қизиқ.

Муроджон Аҳмадалиев неча пул гонорар олади?

Юқорида айтиб ўтилганидек, жанг 145 минг долларга баҳоланган. Бунда олдинроқ хабар берганимиздек, чемпион 75 фоиз, Муроджон Аҳмадалиев 25 фоиз маблағга эга бўлади. Оддий айтганда 145 мингни 4га бўлинг — “всё”, келиб чиқади ҳаммаси. Албатта бундан ташқари жанг трансляциясидан тушадиган пуллар алоҳида бўлади. Буёғи шартномага боғлиқ.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид