Бокс/ММА

8та олтин! Ўзбекистон ўсмирлар ва қизлар терма жамоаси Осиё чемпионатини муваффақиятли якунлади

Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида бокс бўлиб ўтган бокс бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.

20 нафар боксчи билан ярим финалга қадар етиб борган терма жамоа якунда 8та олтин, 3та кумуш ва 9та бронза медалларини қўлга киритди.

Ўсмир йигитлар ичида тўрт нафари -63 кг вазнда Азизбек Тожиев ҳиндистонлик, -75 кг вазнда Нусратбек Тоҳиров хитойлик, -70 кг вазнли Логин Петров ҳиндистонлик ва +80 кг вазнда Жаҳонгир Зокиров қирғизистонлик рақибини финалда мағлубиятга учратиб, олтин медалларни қўлга киритди. Эътиборли томони, Жаҳонгир Зокиров рақибини учинчи раундда техник нокаут эвазига мағлубиятга учратди.

-57 кг вазнда Билолбек Ихволов ва -60 кг вазнда Бекзод Бекмуродов эса финалда қозоғистонлик рақибларига ютқазиб, кумуш медал билан чекланишди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда эса -48 кг вазнда Сабина Бобоқулова, -50 кг вазнда Феруза Казакова, -52 кг вазнда Нигина Ўктамова ва -63 кг вазнда Азиза Зокирова финалда зафар қучиб олтин медалларга эга чиқди.

-60 кг вазнда иштирок этган Моҳира Аҳмедова эса кумуш медал билан тақдирланди.

Эътиборли томони, ўзбекистонлик собиқ бокс юлдузи, оғир вазн тоифасида жаҳон кубоги соҳиби бўлган Лазиз Зокировнинг икки нафар фарзанди Жаҳонгир Зокиров ва Азиза Зокирова оталарига муносиб тарзда мусобақани муваффақиятли ўтказиб иккита олтин медални Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига келтирди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид