Бокс/ММА

Бокс бўйича жаҳон чемпионати қайси телеканалда намойиш этилади?

UZREPORT TV телеканали ҳаваскор боксчилар ўртасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати жангларини трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда телеканал расмий сайти маълум қилди.

Унга кўра, ўзбекистонлик мухлислар бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш маросими, чорак финал, ярим финал ва финал жангларини UZREPORT TV телеканали орқали жонли эфирда томоша қилишлари мумкин бўлади. Яъни телеканал чорак финалдан бошлаб жангларни трансляция қилади. Очилиш маросими эртага 8 сентябрь куни соат 18:00да бошланади.

Жаҳон чемпионати тўлиқлигича Россия МАТЧ медиа ҳолдингига қарашли «Матч! Боец» ва «Матч! Страна» телеканаллари орқали намойиш этилади. Бу иккала канални ҳам фақатгина сунъий йўлдош (пароболик антенна ёрдамида) орқали Ўзбекистонда кузатиш мумкин.

Маълумот учун, бокс бўйича ЖЧ жорий йилнинг 8-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шарафини Жаҳон чемпионатида қуйидаги боксчилар ҳимоя қилишади:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров;
-57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов;
-63 кг: Элнур Абдураимов;
-69 кг: Бобоусмон Батуров;
-75 кг: Фанат Қаҳрамонов;
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов;
-91 кг: Санжар Турсунов;
+91 кг: Баҳодир Жалолов.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид