Бокс/ММА

WBA рейтинги. Шаҳрам Ғиёсов қайтди, Муроджон Аҳмадалиев биринчи ўринни бой берди

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси WBA профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унда Шаҳрам Ғиёсов (8-0, 6 КО) яна кучли 15таликка қайтди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар берди.

Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов апрель ойи рейтингида 14-ўринга жойлашди. У февраль ойи учун чиқарилган рейтингда кучли 15таликни тарк этганди. Шаҳрам апрель ойи сўнгида америкалик Эммануэль Тэйлорни очколар ҳисобида мағлубиятга учратиб, WBA International чемпионлик камарини қўлга киритганди.

Янгиланган рейтингда иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (6-0, 5 КО) 1-ўринни бой берди ва бир поғона пастлаб 2-ўринга жойлашди. Рейтингда биринчи ўринга кўтарилган Брендон Фигероа ўтган ойда WBA вақтинчалик чемпионлик камарини қўлга киритганди. WBA рейтинги қоидаларига кўра, вақтинчалик чемпион мақомидаги спортчи биринчи ўринда қайд қилинади. Бу ҳақда олдинроқ маълумот бергандик.

Аммо бу билан мазкур вазн тоифасидаги чемпионликка даъвогарлик бўйича вазият ўзгармайди ва Муроджон жаҳон чемпионлик камари учун бирламчи даъвогар номини сақлаб қолади. Эслатиб ўтамиз, 26 апрелдан бошлаб 90 кун давомида Муроджон Аҳмадалиев Даниэл Романга қарши бир йўла иккита камар чемпионлиги учун жангда иштирок этади.

Шунингдек, рейтингда супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (2-0, 2 КО) бир ой олдинги кўрсаткичидан бир поғона пастлаб, 7-поғонадан жой олган. Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида битта жанг ўтказган Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 КО) эса рейтингда 4-ўринда қолган.

Рейтингда ўзбекистонлик бошқа спортчилар ўрин олмаган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид