Бокс/ММА

WBA янги рейтингида ўзбекистонлик боксчилар эгаллаб турган ўринлар маълум бўлди

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси WBA профессионал боксчиларнинг сентябрь ойи учун рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Унда ўзбекистонлик боксчилар ўз ўринларини сақлаб қолишди. Жумладан супер енгил (63,5 кг) вазн тоифаси вакили Шоҳжаҳон Эргашев (17-0, 15 КО) ва Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) худди ўтган ойдаги ўринларини сақлаб қолган. Эргашев 4, Ғиёсов бешинчи ўринда қолмоқда.

Аҳамиятли томони мазкур вазнда WBA чемпионлик камари учун юқорида бўлган икки боксчи кураш олиб бориши натижасида ғолиб рейтингдан чиқиши, мағлуб эса пастлаши лозим эди. Шу маънода бокс мутахассислари ўзбек боксчиларининг 2-3 ўринларга кўтарилишини кутишганди. Аммо WBA кутилмаган қарор чиқарди. Камар учун жангда мағлуб Батир Аҳмедов (7-1, 6 КО) учинчи ўриндан туширилмади. 2-ўринга эса бошқа вазн тоифасида бўлган Рансес Бартелеми (27-1-1, 14 КО) қайтарилган.

Супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (3-0, 3 КО) 6-ўринда қолган бўлса, иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (6-0, 5 КО) ҳамон мажбурий даъвогар сифатида 2-поғонани банд этиб турибди.

Рейтингда ўзбекистонлик бошқа спортчилар ўрин олмаган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид