Бокс/ММА

WBC янгиланган рейтингида ўзбекистонлик боксчилар юқорилади

Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) август ойи учун профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик беш нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (12-0, 4 КО) янги рейтингда бир ой олдинги поғонасини сақлаб қолган ва 4-поғонага жойлашган. У ҳамон WBC Silver камари соҳиби сифатида кўрсатилмоқда.

Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (16-0, 9 КО) ҳам рейтингда бир ой олдинги ўрни — 6 ўрнини сақлаб қолган. У ўтган ойда икки поғона пастлашига тўғри келганди. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 11-ўринларни эгаллаб турибди.

Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC бошқа рейтинглардан фарқли равишда 40 кишидан иборат рейтингни тузиб чиқади. Мазкур кенгайтирилган рейтингда беш нафар ўзбек боксчиси эътироф этилган.

WBC кенгайтирилган рейтингидан супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) бир йўла 9 поғона юқорилаб 24-ўринда қайд қилинган. Мазкур вазн тоифасининг яна бир вакили Шоҳжаҳон Эргашев (17-0, 15 КО) эса икки поғона юқорилаб 29-поғонадан жой олган. Мазкур вазннинг яна бир вакили WBC Asia чемпионлик камари соҳиби Анвар Туропов эса (5-1, 4 КО) 39-ўринда қолган.

Шуингдек, янгиланган рейтингдан супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (3-0, 3 КО) ва ўта оғир (+90,7 кг) вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов (6-0, 6 КО) ҳам илк марта жой олган. Мадримов рейтингнинг сўнгги 40-поғонасида қайд қилинган бўлса, Жалолов 39-ўринда пайдо бўлган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид