Бокс/ММА

WBC янгиланган рейтингида ўзбекистонлик боксчиларнинг эгаллаб турган ўринлари маълум бўлди

Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) май ойи учун профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик тўрт нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (12-0, 4 КО) янги рейтингда бир ой олдинги поғонасини сақлаб қолган ва 4-поғонага жойлашган. WBC Silver камари соҳиби бўлган Азизбек яқин вақтлар ичида камарини ҳимоя қилиши шарт бўлади.

Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (16-0, 9 КО) ҳам рейтингда бир ой олдинги ўрни — 4 ўрнини сақлаб. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 9-ўринларни эгаллаб турибди.

Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC бошқа рейтинглардан фарқли равишда 40 кишидан иборат рейтингни тузиб чиқади. Мазкур кенгайтирилган рейтингда уч нафар ўзбек боксчиси эътироф этилган.

WBC кенгайтирилган рейтингидан илк марта яна бир нафар ўзбекистонлик боксчи жой олди. Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 КО) 31-ўринда қайд қилинган. Ўтган ойда рейтингда бўлган икки боксчи, иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (6-0, 5 КО) мазкур рейтингда 24-ўринда қайд қилинган бўлса, супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили Шаҳрам Ғиёсов (8-0, 6 КО) 35-поғонадан жой олган. Аҳмадалиев айни вақтда WBA йўналиши рейтингида 2-ўринни эгаллаб турган бўлса, Шаҳрам Ғиёсов ўз вазнида 13-поғонадан жой олган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид