Бокс/ММА

WBO янгиланган рейтингида яна бир ўзбекистонлик боксчи пайдо бўлди

Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) сентябрь ойи учун боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Унга кўра, янгиланган рейтингдан ўта енгил (-50,80 кг, 112 фут) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Олимжон Назаров (19-5, 11 КО) ҳам илк марта ўрин эгаллади. Янги рейтингда Назаров 14-поғонада қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Олимжон Назаров август ойида филиппинлик Иван Сорианони (20-3-1, 10 КО) очколар ҳисобида мағлубиятга учратиб, WBO Oriental (минтақавий) чемпионлик камари соҳиби бўлганди.

Бундан ташқари рейтингда ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (16-0, 9 КО) бу ойда ўтган ойдаги ўрнини сақлаб қолган ҳолда 11-ўринни банд этган. Айни вақтда Қудратилло Абдуқаҳҳоров IBF рейтингида биринчи, WBC рейтингида эса олтинчи ўринни эгаллаб турибди.

Супер енгил вазн (-63,5 кг) тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 КО) эса ўтган ойга нисбатан 3 поғона пастлаб 11-ўринни банд этди. У илк марта ўтган ойда WBO рейтингида пайдо бўлган ва бирданига 8-поғонада қайд қилинганди. Шоҳжаҳон Эргашев айни вақтда WBA рейтингида тўртинчи, IBF рейтингида эса олтинчи ўринда бормоқда.

Рейтингдан ўзбекистонлик бошқа спортчилар жой олишмаган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид