Бокс/ММА

Яна бир боксчи рингда ҳушидан кетиб, вафот этди

Аргентиналик боксчи Уго Сантильян (19-6-2, 8 КО) уругвайлик Эдуардо Абреуга (10-1-1, 6 КО) қарши жангда олган жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хориж нашрларига таяниб хабар бермоқда.

Мазкур жанг енгил (-61,2 кг) вазн тоифасида WBC йўналишининг Лотин Америкаси кумуш камари учун бўлиб ўтган. Жанг якунланганидан сўнг Сантильян ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва ғолибни эълон қилиш вақтида ҳушидан кетган. Жангда ҳакамларнинг турфа хил қарорлари билан дуранг натижа қайд қилинган.

Боксчи шифохонага етказилганда, миясига қон қуйилгани маълум бўлди. У зудлик билан жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Кейинчалик унинг юраги икки марта тўхтаб қолди. 25 июль куни Уго Аргентинадаги шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

ВИДЕО

Сантильян супер ярим енгил (-58,97 кг) вазн тоифасида бир неча маротаба турли минтақавий чемпионлик камарлари учун жанг қилган. 2016 йилда Жанубий ва Лотин Америкаси чемпионлик камарини қўлга киритганди. 2017 йилда у WBC ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионлик камарини учун ҳам жанг қилган, бироқ имкониятни бой бериб қўйганди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин россиялик боксчи Максим Дадашев ҳам жанг пайтда миясида катта шиш пайдо бўлиши натижасида шифохонада вафот этган эди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид