Бокс/ММА

Ўзбекистонлик ММА устаси нуфузли турнир жангида ғалаба қозонди

Аралаш қоидалар (ММА) жанги бўйича биринчи ярим енгил (-61,2 кг) вазн тоифасида октагонга чиқадиган ўзбекистонлик Зарруҳ Адашев (2-1, 1 КО) Bellator 215 турнири доирасида навбатдаги жангини ўтказди.

АҚШнинг Коннектикут штати, Анкасвилл шаҳрида бўлиб ўтган мазкур баҳсда ўзбекистонлик спортчига бразилиялик Рони Арана Леон (0-2) рақиблик қилди. Жанг тўлиқ уч раунд давом этди. Зарруҳ баҳсда ташаббусга эга бўлди ва якунда очколар ҳисобига ғалабага эришди.

Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли Зарруҳ Адашев учун бу Bellator мусобақаларидаги учинчи жанг бўлди. Дастлабки жангида у имкониятни бой берган бўлса, бугунгиси билан қўшиб ҳисоблаганда сўнгги икки жангда ғалаба қозонди. Айни вақтда у АҚШнинг Бруклин шаҳрида машғулотлар олиб боради. Бунгача у кикбоксинг бўйича мусобақаларда иштирок этиб келган.

Маълумот учун, Bellator турнирига 2008 йилда асос солинган бўлиб, у ММА мусобақалари ичида нуфузи жиҳатдан UFC дан кейин иккинчи ўринда туради. Адашев иштирок этаётган вазн тоифасида америкалик Дэррион Колдуэлл турнир чемпиони саналади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид